Madaniyat

Вакцина ва мантиқсиз миш-мишлар ҳақида

Газетамизнинг навбатдаги меҳмони: Шимкент шаҳридаги тиклаш (реабилитация) маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Абдураҳмат Ниёзқулов. У киши билан суҳбатимиз коронавирусга қарши эмлаш мавзусига бағишланди.
Қозоғистонда вакцинация жараёни жадал амалга оширилаётган пайт. Эмлашга оид турли фикрлар, гап-сўзлар кўпайди. Кимдир вакцина олиш шарт деб ҳисобласа, кимдир буни инкор қилади. Абдураҳмат Абдуқодир ўғли кўп йиллардан буён аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиб келаётган малакали шифокорлардан. Келинг, унинг фикрлари билан яқинроқ танишайлик.
– “COVID-19» нафақат иммунитетимиз, балки иродамиз, сабр-матонатимиз ва ҳатто тафаккуримизни ҳам синовдан ўтказишни бошлаганига қарийб бир ярим йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда коронавирусга қарши кураш, унинг олдини олиш ва даволаш усуллари бўйича салмоқли тажриба тўпланди. Бир қарашда уринишларимиз зое кетмагандек, шифокорларнинг муносиб меҳнати ва карантин қоидаларига риоя қилингани ҳисобига ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатлари камайгандек. Лекин ҳозир касаллик яна авж олиб кетди. Бугун эпидемиологик вазият ҳақида икки оғиз айтиб ўтсангиз, ҳамда олий тоифали шифокор сифатида вакцинацияга оид фикрларингизни ўртоқлашсангиз.
– Шимкент шаҳрида эпидемиологик вазият барқарор. Коронавирус касаллиги авж олгани маълум. Унга қарши курашнинг энг яхши усули – ўз вақтида эмланиш. Бугун вакцина олишга оид турли миш-мишлар, ёлғон ахборотлар ҳам кўпайгани рост. Кимдир ҳатто касал бўлишга ҳам тайёр, фақат эмланмаса, бас. Бу нотўғри фикр. Бугунги кунда тиббиёт ва матбуотнинг асосий вазифаси мазкур фикрни инкор этиб, аҳолига тўғри ахборот етказиш, тўғри тарғибот-ташвиқот орқали тушунтиришдир. Дардга чалиниб, давосини излагунча, унинг олдини олиш – ягона тўғри йўл. Шахсан ўзим вакцинанинг 2та компонентини ҳам қабул қилдим. Энди биз тиббиёт ходимлари сифатида биринчилардан бўлиб эмландик. Иккала босқич ҳам муваффақиятли ўтди, ҳеч қандай асоратлар бўлмади. Ўзимда синаб кўргач, буни бошқаларга ҳам бемалол тавсия эта оламан. Айниқса, қабулимга жуда кўп беморлар айнан шу савол билан келишади, яъни, вакцинанинг зарари йўқми, кафолат бера оласизми, дейишади. Мен ҳаммага бирдек, узил-кесил вакцина олишни тавсия қиляпман. Чунки, таъкидланишича, касаллик юқишининг эпидемик жараён занжирини узиш учун аҳолининг камида 60-70 фоизида иммунитет мавжуд бўлиши керак. Коронавирусга қарши эмлаш эса пандемияни жиловлаш имконини беради. Вакциналар иммунитет тизимингизни мустаҳкамлаб, cизга юқиши мумкин бўлган вирусларга қарши курашишда иштирок этади. Биз эмлаш орқали нафақат ўзимизни, балки атрофимиздагиларни ҳам ҳимоя қилган бўламиз.
– Қозоғистонда ковидга қарши вакцинанинг тўрт тури мавжуд: Спутник V (Россия), Hayat-Vax, CoronaVac (Хитой) ва QasVac (Қозоғистон). Уларнинг бир биридан фарқи нимада? Сиз қайсисини қабул қилдингиз ва нима учун?
– Уларнинг барчаси деярли бир хил. Афзалликлари ёки тавофутлари, ўзига хос хусусиятларини аниқ айта олмайман. Улар COVID-19га қарши ишлаб чиқилган ва дарднинг олдини олиш чора тадбирларининг энг асосийси ҳисобланади. Умуман бундан бошқа кураш йўли ҳали ўйлаб топилгани йўқ. Шахсан ўзим Спутник Vни олдим, чунки юқорида айтганимдек, биз биринчилардан бўлиб эмландик ва у пайтда шу вакцина тавсия қилинган эди.
Афсуски, жамиятимизда билиб-билмай, мутахассисларнинг тавсиясига амал қилмай, давлат томонидан қаратилаётган эътиборга беписандлик, вакцинанинг акс таъсири ҳақидаги бўлмағур, шубҳали хабарларга ишониш тамойили юзага келган. Бунинг сабаби, вакцина ва унинг турлари, уни қабул қилишнинг ўзига хос жиҳатлари ва таъсирлари ҳақидаги асосли маълумотларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ, деб ўйлайман. Шу боис эмлашнинг фойдали жиҳатлари ва уларнинг турлари ҳақидаги мавзулардаги ижтимоий реклама, тарғибот-ташвиқотни кучайтиришни янада жадаллаштиришимиз лозим. Эмланишнинг салбий оқибатларини шахсан ўзим кўрмадим. Қўл остимдаги ходимларимнинг ҳаммаси, 100 фоиз эмланишди, улар ҳам икки босқичдан омон-эсон ўтишди, асоратлари деярли сезилмади. Жамоавий иммунитетни шакллантирганимиз учун ҳам оғир беморлар орасида бемалол ишлаб юрибмиз.
– Ижтимоий тармоқлардаги вакцина ҳақида тарқатилаётган миш-мишларга муносабатингиз?
– Жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ҳам коронавирусга қарши вакцинани аҳолисига тавсия этаётган пайтда, бу “одамни ўлдиради” дейиш учун инсон қанчалар жоҳил ва саводсиз бўлиши керак. Вакцина олиш, ё олмаслик – ҳар кимнинг шахсий иши. Бунга аралашишга на давлат, на бошқа фуқароларнинг ҳаққи бор. Лекин асоссиз маълумот тарқатиш нотўғри ва бунга жавобгарлик бор.
– Минтақамизда қандли диабет ва юрак, қон-томир касалликларига чалинган беморлар жуда кўп. Уларга қандай маслаҳат берасиз?
– Коронавирусга қарши вакцина одамдаги бошқа дардларни даволамайди. Сурункали дардга мубтало бўлганлар эмланишдан аввал тегишли шифокор кўригидан ўтиши керак. Қандли диабет билан рўйхатда турган фуқаролар эндокринолог, юрак бўйича эса кардиолог ёки участка терапевти қабулида бўлиб, бир қатор ташҳисларни топшириб, сўнг вакцина билан эмланишлари мумкин. Аслида қонун бўйича соғликлари кўтарса, улар биринчи навбатда эмланадиган тоифага мансуб.
– Ҳозир болалар ҳам бу касалликка чалинмоқда. Уларни эмлаш ёки эмламаслик масаласи ҳақида фикрингиз?
– Коронавирусга қарши эмлаш юртимизда 2021 йил 1 февралдан бошланди. Оммавий вакцинация эса март ойидан юритилмоқда. Лекин уларни олганлар фақат катталар эди. Болаларни, яъни 18 ёшгача бўлган болаларни эмлаш масаласи вакцинациянинг самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳақида маълумотлар йўқлиги боис тақиқланган эди. Лекин ҳозир бу долзарб масала Ҳукуматда қизғин муҳокама қилинмоқда. Шунинг учун бирор нарса дейишга ҳали эрта.
– Фурсатдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка қандай тавсия, маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Коронавирус хасталиги ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва ҳозирги кунга қадар изланишлар давом этаётган касаллик. Олимлар ушбу дард билан қайта касалланиш мумкинлигини инкор этмаяпти ва уларнинг фикрига кўра касаллик иммунитети паст, сурункали хасталиги бор ва касалликка қарши антитаначалари кам бўлган беморларда учраши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Изланишлар давом этмоқда. Шунинг учун ҳозирги танг ҳолатда ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, тест топшириш, ўз-ўзини яккалаш каби тавсияларга риоя қилишимиз шарт. Шунингдек, вакцина қабул қилиш ҳам ўта муҳимдир. Давлатимиз бепул ва қулай шароитларда халқини эмлаб, дарддан омон-эсон олиб чиқиб кетишни кўзлаяпти. Қисқа фурсат ичида жамоавий иммунитет шакллантириб, имкон қадар коронавирусдек даҳшатли дардни енгишни ўйлаяпти. Шунинг учун карантин чораларига риоя қилган ҳолда, вакцинани ўз вақтида олинглар. Бошқа йўли ҳозирча йўқ. Бемор одам шифокор қабулига ишонч билан келади, яъни тузалиб кетаман, деган қатъий ишонч билан. Шу ишончини вакцинага ҳам қаратиши керак.
Инсон саломатлигидан-да муҳим ва қимматли бойлик йўқ. “COVID-19»ни келтириб чиқарадиган вирус эса жуда осон юқади. Халқимизда ушбу касалликка қарши иммунитетни шакллантирмай туриб, вакциналарни қабул қилмасдан туриб, унга қарши самарали кураша олмаймиз.
– Суҳбат учун катта раҳмат!   

Н. МАВЛОНОВА

Related Articles

Back to top button