O`zbekiston

Сайловолди ташвиқотида партиялар, номзодлар ва уларнинг ишончли вакилларига нималар ман этилган?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига шу йил 22 декабрь куни бўладиган сайлов кампаниясининг муҳим босқичларидан бири — сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Унинг аҳамияти, шакл ва тартиби ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Ўқув маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор Шуҳрат Файзиев билан суҳбатлашдик.

— Сайловолди ташвиқоти, энг аввало, номзодларнинг шахси, билим ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишга ҳамда дастурларининг асосий йўналишлари, мазмун-моҳияти, истиқболдаги режалари билан аҳолини яқиндан таништиришга, таъбир жоиз бўлса, уларни ишонтиришга қаратилган муҳим воситадир, — деди суҳбатдошимиз. — Бу босқичнинг барча ташкилий-ҳуқуқий масалалари Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.

Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар тегишинча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугайди.

Ташвиқот сиёсий партиялар, уларнинг ваколатли вакиллари, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан бевосита амалга оширилади. Депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини ўтказиш борасида тенг ҳуқуқларга эга.

Сайлов қонунчилигига асосан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

— Қонунчиликда сайловолди ташвиқотининг турлари, шакллари ва усулларига доир қандай қоида-талаблар белгиланган?

— Сайлов кодексининг 45-моддасида ташвиқот олиб бориш турлари, шакл ва усуллари белгилаб қўйилган. Жумладан, сайловолди ташвиқотини амалга ошириш турлари сифатида, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатади.

Сайловолди ташвиқотини амалга оширишнинг шакллари сифатида омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш кабиларни келтириш мумкин.

Сайловолди ташвиқотини амалга оширишнинг усуллари сифатида эса оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек интернет жаҳон ахборот тармоғи, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни келтириш мумкин.

— Сайлов жараёнининг иштирокчилари томонидан хусусан, сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари ҳамда ишончли вакиллари томонидан ташвиқот олиб боришда қонунчиликда қандай ман этилган ҳолатлар белгиланган?

— Сайлов қонунчилигига асосан, сайловолди ташвиқоти давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга товарларни, хизматларни (ахборот хизматлари бундан мустасно) бепул ёки имтиёзли асосларда тақдим этиш, шунингдек пул маблағлари тўлаш орқали ўтказиш, нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқот ўтказишга йўл қўйилмайди.

Муайян депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тақдим этилган бепул эфир вақтидан ёки чоп этиш майдонидан бошқа депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар фойдаланиши мумкин эмас.

— Оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот олиб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қонунчиликда қандай янгиликлар ва тартиб белгиланган?

— Сайловолди ташвиқоти ўтказилаётганда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга бир хил ҳажмдаги эфир вақти ва чоп этиш майдони бепул тақдим этилиши орқали уларга давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имконияти берилади.

Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида эфир вақти ёки чоп этиш майдони пулли асосда ҳам ажратилиши мумкин.

Эфир вақти, чоп этиш майдони учун ОАВ томонидан белгиланадиган тўлов шартлари ва бошқа талаблар (тираж, эфирга бериладиган вақт, жой, шрифт ва ҳоказолар) барча депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

— Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш йўллари қандай?

— Босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммалар, босма маҳсулотнинг электрон кўринишлари ва бошқа сайловолди ташвиқоти материалларини тўсиқларсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиб берилиши керак. Сайловолди ташвиқоти материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак. Сайловолди ташвиқоти материаллари хоналарга, биноларга, иншоотларга ва бошқа объектларга осиб қўйилиши мумкин.

Шунингдек, депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти материалларини жойлаштириш учун ташқи реклама воситалари (махсус конструкциялар, экранлар, билбордлар, электрон табло ва ҳоказолар) бепул тақдим этилиши мумкин.

— Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳам жуда муҳим. Чунки, бундай мулоқотлар чоғида аҳоли сиёсий партиялар ва номзодлар ҳақидаги маълумотларга бевосита эга бўлади…

— Дарҳақиқат, шундай. Депутатликка номзодларга ва уларнинг ишончли вакилларига сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар орқали ўтказиш учун тенг шароит берилади. Бундай учрашувлар номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади. Депутатликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши тўғрисидаги эълон участка сайлов комиссияси биносига осиб қўйилади ёхуд маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

Сайловчилар билан учрашувлар чоғида депутатликка номзод маъруза билан сўзга чиқиши мумкин. Маъруза якунлари бўйича депутатликка номзоднинг истиқболдаги фаолияти, сиёсий партиянинг дастури ва сайловолди платформаси, мамлакат ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожига доир турли масалаларга муносабати юзасидан муҳокама ва мунозаралар ўтказилади.
Умуман, юртимизда сайловнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, бу ушбу муҳим сиёсий тадбирни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш орқали Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

С.МАХСУМОВ суҳбатлашди.
(“Халқ сўзи”)

Related Articles

Back to top button