Ўзбекистон

«ОДИЛ СУДЛОВ–2030»: ХАЛҚЧИЛ СУД ТИЗИМИ, ҲУДУДЛАРАРО СУДЛАР ВА РАҚАМЛИ АДОЛАТ ДАВРИ БОШЛАНМОҚДА

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини мустаҳкамлашдан иборат. Зеро, адолатли судлов — ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим белгиси, фуқароларнинг давлатга ва қонунга бўлган ишончини таъминловчи асосий мезондир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу конституциявий кафолат судлар зиммасига нафақат низоларни ҳал этиш, балки инсон ҳуқуқларининг амалдаги ҳимоячиси бўлишдек юксак масъулиятни ҳам юклайди.

Шу нуқтаи назардан, «Одил судлов–2030» концепцияси доирасида халқчил, очиқ ва фуқаролар учун қулай суд тизимини шакллантириш, суд хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Суд тизимининг янги тузилмаси — ихтисослашув ва самарадорлик сари

Суд тизимини такомиллаштиришда ягона умумюрисдикция судларини шакллантириш, туманлараро иқтисодий ва маъмурий судлар фаолиятини ривожлантириш каби йўналишлар алоҳида ўрин тутади.

Бундай ўзгаришларнинг моҳияти, аввало, судлов фаолиятида ихтисослашувни кучайтириш, суд ишларини кўриш сифатини ошириш, судьяларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш билан изоҳланади.

Айниқса, суд тизими тузилмасидаги ташкилий ўзгаришлар фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш, судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш ва ишларни оқилона муддатларда кўриб чиқишга хизмат қилиши лозим.

Бепул юридик ёрдам — конституциявий адолатнинг муҳим кафолати

Адолатли судловдан фойдаланиш имконияти инсоннинг моддий аҳволига боғлиқ бўлмаслиги керак. Чунки ҳуқуқий ҳимояга муҳтож шахснинг етарли маблағга эга эмаслиги уни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум этмаслиги лозим.

Конституцияда малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгиланган.

Шу маънода, кам таъминланган фуқаролар учун бепул юридик ёрдам имкониятларини кенгайтириш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, судга мурожаат қилиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилишда амалий кўмак кўрсатиш конституциявий адолатни таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир.

Бунда давлат томонидан кафолатланган юридик ёрдам фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш билан бирга, суд ишларида тарафларнинг тенглиги ва тортишув тамойилларини амалга оширишга ҳам хизмат қилади.

Судлар фаолиятини рақамлаштириш — шаффофлик ва тезкорлик омили

Ҳозирги рақамли тараққиёт даврида суд тизими фаолиятини замонавий ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Суд ишларини электрон шаклда юритиш, ҳужжатларни масофадан тақдим этиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш каби имкониятлар одил судловнинг очиқлиги ва қулайлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Суд фаолиятини рақамлаштириш, энг аввало, инсон омилини камайтириш, ортиқча қоғозбозликка барҳам бериш, процессуал ҳаракатларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш ва суд ҳужжатлари ижросини назорат қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Шунингдек, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич жорий этиш истиқболли йўналишлардан биридир. Бундай технологиялар суд амалиётини таҳлил қилиш, ҳужжатларни тизимлаштириш, иш юритишдаги такрорий техник жараёнларни автоматлаштириш ва суд статистикасини шакллантиришда ёрдам бериши мумкин.

Бироқ сунъий интеллект судьянинг ўрнини эгалламаслиги, балки унинг фаолиятига кўмаклашувчи восита бўлиши лозим. Зеро, одил судловнинг асосида инсон тақдири, далилларни холис баҳолаш, қонун талабларига риоя қилиш ва судьянинг мустақил ички ишончи туради.

Халқчил суд — очиқлик, ишонч ва масъулият демакдир. Суд ҳокимиятининг халққа яқин бўлиши фақат суд биноларининг фуқаролар учун қулайлиги билан эмас, балки суд фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилиги, фуқаролар мурожаатларига эътибор билан ёндашилиши орқали намоён бўлади.

Шу боис судлар фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтлар орқали мунтазам ахборот бериб бориш, ҳуқуқий тушунтириш материалларини эълон қилиш жамоатчиликнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, «Одил судлов–2030» ғояси шунчаки суд тизимидаги ташкилий ўзгаришлар ёки рақамли технологияларни жорий этишдан иборат эмас. Унинг замирида инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтириш ва суд ҳокимиятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш мақсади мужассам.

Зеро, ҳақиқий халқчил суд — фуқаро ўз ҳуқуқи поймол этилганда ишонч билан мурожаат қиладиган, унинг дардини эшитадиган ва қонун асосида адолатли қарор қабул қиладиган суддир.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button