ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИНИНГ НОҚОНУНИЙ АЙЛАНИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ — ЖАМИЯТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА КЕЛАЖАК АВЛОДНИ АСРАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Гиёҳвандлик — бугунги кунда нафақат алоҳида шахс ёки оила, балки бутун жамиятнинг тинчлиги, осойишталиги ва келажагига жиддий хавф туғдираётган ижтимоий иллатлардан биридир. У инсон саломатлигига путур етказиш билан бирга, унинг маънавий қиёфаси, оилавий муносабатлари, меҳнат қобилияти ва жамиятдаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситаларига қизиқишнинг ортиши, уларнинг ноқонуний тарқатилиши, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали савдосининг йўлга қўйилиши ушбу иллатга қарши курашишни янада долзарб вазифага айлантирмоқда.
Гиёҳвандликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — давлат, оила, таълим муассасалари ва бутун жамиятнинг умумий масъулиятидир.
Қонун устуворлиги — гиёҳвандликка қарши курашишнинг асосий таянчидир.
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари бир қатор қонунчилик ҳужжатларида мустаҳкамланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августдаги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги 813-I-сон Қонуни ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Мазкур қонунда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлиши, уларни сақлаш, олиб кириш, олиб чиқиш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 6 майдаги ПФ-73-сон Фармони билан тасдиқланган 2024–2028 йилларга мўлжалланган Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берди. Унда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш, профилактика ишларини кучайтириш, наркожиноятларнинг олдини олиш ва наркологик ёрдам тизимини такомиллаштириш назарда тутилган.
Бундан ташқари, 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-207-сон Президент Фармони билан аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Мазкур ҳужжатда ёшларни гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан асраш, уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш ва давлат органларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жиноий жавобгарлик масаласи ҳам қонунчиликда алоҳида мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XIX бобида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш, ўтказиш мақсадида сақлаш, тайёрлаш, ташиш ва бошқа жиноий ҳаракатлар учун қонунда тегишли жазо чоралари назарда тутилган.
2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1151-сон Қонун билан ҳам гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик механизмлари такомиллаштирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, гиёҳвандликка қарши курашишда фақат жазо чораларини қўллашнинг ўзи етарли эмас. Энг аввало, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга, илм-фанга ва касб-ҳунарга жалб қилиш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, интернет тармоқлари орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш, ёшларни ушбу жиноий фаолиятга жалб қилиш ва яширин савдо каналларини ташкил этиш ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш лозим.
Хулоса ўрнида, гиёҳвандликка қарши курашиш — бу шунчаки жиноятчиликка қарши курашиш эмас, балки инсон ҳаётини, оила тинчлигини, ёшлар келажагини ва миллат саломатлигини ҳимоя қилишдир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров




