Дон сақлаш омборларида зараркунандаларга қарши мониторинг ишлари олиб борилмоқда

Маълумки, омборларда сақланаётган дон маҳсулотларига зараркунандалар томонидан етказиладиган зарар маҳсулот сифати ва миқдорининг пасайишига, унинг озуқавий қиймати камайишига ҳамда иқтисодий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Шу боис дон сақлаш объектларида мунтазам мониторинг ўтказиш ва зараркунандаларга қарши профилактик чораларни ўз вақтида ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институтининг “Омбор зараркунандаларига қарши курашиш лабораторияси” иш режасига мувофиқ, катта илмий ходим Ж. Эшмурзаев ҳамда Сурхондарё минтақавий филиали илмий ходимлари иштирокида Сурхондарё вилояти Термиз ҳудудидаги дон сақлаш омборларида мониторинг ва кузатув ишлари олиб борди.
Мониторинг жараёнида Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи Б. Тошбоев, Термиз туман бўлими бошлиғи А. Наримов, Термиз туман инспектори А. Хамраев ҳамда М. Очиловлар ҳам иштирок этди. Кузатувларнинг асосий мақсади дон ва дон маҳсулотларини сақлаш жараёнида уларга зарар етказиши мумкин бўлган омбор зараркунандаларининг тарқалиш ҳолатини ўрганиш, зараркунандалар мавжуд бўлган ҳудудларни аниқлаш ҳамда уларга қарши самарали кураш чораларини белгилашдан иборат.Ўрганишлар давомида дон сақлаш омборларининг санитария ҳолати, маҳсулотларни сақлаш шароити, омборларда зараркунандаларнинг мавжудлиги ва тарқалиш эҳтимоли, шунингдек, зараркунандаларга қарши профилактик тадбирларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.Шунингдек, масъул ходимларга дон маҳсулотларини сақлашда белгиланган фитосанитар талабларга риоя қилиш, омборхоналарни тоза ва санитар ҳолатда сақлаш, зараркунандалар аниқланган тақдирда уларга қарши курашиш чораларини ўз вақтида кўриш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Ангор тумани инспекторлари билан ҳам ҳамкорликда Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳудудида мавжуд дон сақлаш омборларида мониторинг ва кузатув ишлари олиб борилмоқда. Мониторинг жараёнида дон маҳсулотларини сақлаш шароити, омборларнинг санитария ҳолати ҳамда омбор зараркунандаларининг мавжудлиги ва тарқалиш эҳтимоли ўрганилмоқда.
Кузатувлар давомида аниқланган ҳолатлар таҳлил қилиниб, дон ва дон маҳсулотларини зараркунандалардан ҳимоя қилиш, уларнинг тарқалишининг олдини олиш ҳамда омборларда фитосанитар талабларга риоя этилишини таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар берилмоқда.Ҳудудларда дон сақлаш омборларидаги фитосанитар ҳолатни ўрганиш ва омбор зараркунандаларини аниқлаш бўйича мониторинг кузатув ишлари давом эттирилмоқда.




