Касбим-фахрим

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан сайёр қабул ташкил этилди

Бугун   аҳоли ва тадбиркорларнинг  мурожаатларини эшитиш ҳамда уларнинг муаммоли масалаларига амалий ечим топишда ёрдам кўрсатишда ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этиб келинмоқда. 2026 йил 26 июнь куни Сурхондарё  вилоятида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан сайёр қабул ташкил этилди.Сайёр қабулда Агентлик масъул ходими  Улуғбек Юнусов  иштирок этди. Тадбир давомида 2026 йил 12 майдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–84-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари юзасидан батафсил маълумот ва тушунтиришлар берилди. Шунингдек, иштирокчиларга Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасининг асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ҳамда фаолият йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди.

Қабулда  вилоят  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими вакиллари, Санитария – эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари ва бир қатор соҳа вакиллари ҳам иштирок этди.

— Аввал фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими бугунги даражада эмас эди.  Кўплаб одамлар ўз муаммосини ҳал қилиш учун турли идоралар эшигини тақиллатиб юришга мажбур бўлар, ариза ва шикоятлар ойлаб ташкилотлар орасида сарсон бўлиб юрарди.  Бюрократик тўсиқлар ва расмиятчиликлар таг-тубидан йўқ қилинди. Электрон мурожаатлар, шахсий қабуллар, сайёр учрашувлар ва марказлашган назорат механизми бирлаштирилиб, давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқот тизими шакллантирилди. Натижада давлат бошқарувида янги маданият – инсон манфаатлари устувор бўлган бошқарув тамойили қарор топмоқда,  — деди Улуғбек Юнусов. *Хавфни бошқариш тизими (СУР)*нинг жорий этилиши фитосанитария назоратини кучайтириш, ҳужжатларнинг ишончлилигини таъминлаш, экспорт жараёнларини тезлаштириш, халқаро бозорларда ишончни ошириш каби  ижобий натижаларни бериши ҳақида ҳам сўз борди.

Сайёр қабулда жами 24 нафар тадбиркор иштирок этди. “Вlekt tosh” мчж вакили Анвар Азимов далада юклатилаётган  ташқи ва ички бозорларга чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини текширишда инспекторлар иштирок этиши шартлиги, чекка ҳудудлар туман марказларидан 15-20 км узоқликда жойлашганлигини таъкидлаб, қўмита раҳбариятидан  инспекторлар учун техника ажратиш  зарурлиги ҳақида гапирди.
“Ayaka” МЧЖ вакили Дониёр Бобороҳимов жорий этилган янги тизимда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  сариқ ва қизил йўлакка тушиб қолганда намуналар марказий лабораторияга жўнатилганда вақт ва маблағ йўқотилаётганлиги, мазкур жараёнларни вилоятда амалга ошириш имкониятларини йўлга қўйиш бўйича мурожаат қилди.  Шунингдек, бир қатор тадбиркорлик субъектлари томонидан аэропортда юк экспорт қилиш зарурати юзага келаётганлиги, юк ташувчи авиақатновларни ҳам йўлга қўйиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.


Мурожаатлар белгиланган тартибда назоратга олиниб, уларни қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Бундай сайёр қабуллар тадбиркорлар ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ҳамда долзарб масалаларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.

Related Articles

Back to top button