Бу қизиқ

Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — адолатли жамиятнинг муҳим устувор йўналиши

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш масаласи давлатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътиборга олинмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ–33-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон жамиятда оила институтини мустаҳкамлаш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, уларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига барҳам бериш, шунингдек бу каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Фармонда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бу борадаги вазифалари аниқ белгилаб берилган.

Айниқса, суд органларининг бу йўналишдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Судлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш ҳамда адолатни таъминлаш орқали жамиятда ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Аёллар ва болалар ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда уларнинг ҳуқуқий манфаатларини тиклаш, зўравонлик ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдор шахсларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш суд органларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини олиб бориш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалиб, аёллар ва болаларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, болаларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бу эса юртимизда тинчлик, барқарорлик ва адолат тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир. Зеро, аёллар ва болалар ҳимояси таъминланган жамиятда адолат, меҳр-оқибат ва барқарор тараққиёт устувор бўлади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг раиси

Номозов Музаффар Эргашович

Related Articles

Back to top button