“Ўзбекистон–2030” стратегияси — қонун устуворлиги ва самарали давлат бошқаруви сари муҳим қадам

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва давлат бошқарувини янада самарали ташкил этишга қаратилган. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–21-сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу муҳим ҳужжат мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб бериб, “Ўзбекистон–2030” стратегиясини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.
“Ўзбекистон–2030” стратегияси давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган ҳолда, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган комплекс дастур ҳисобланади. Ушбу стратегия доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, адолатли суд тизимини ривожлантириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва фуқароларга сифатли давлат хизматларини кўрсатиш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Стратегиянинг IV-йўналиши айнан қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишга бағишланган бўлиб, мазкур йўналиш доирасида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган. Бу эса мамлакатимизда адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Суд органлари ҳам ушбу стратегик мақсадларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар судларнинг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган. Шу орқали қонун устуворлиги тамойили амалда таъминланиб, жамиятда адолат ва ҳуқуқий тартибот мустаҳкамланади.
Шунингдек, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали тайёрланаётган мақолалар, интервьюлар, видеороликлар ва бошқа ахборот материаллари фуқароларнинг стратегия доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитишга хизмат қилади.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва стратегик дастурлар мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани шубҳасиз. “Ўзбекистон–2030” стратегияси эса халқ манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва самарали давлат бошқарувини шакллантириш йўлида муҳим дастурий ҳужжат сифатида мамлакатимиз келажагини белгилаб бермоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро судининг раиси
Номозов Музаффар Эргашович



