Аёллар ва болалар ҳимояси йўлида муҳим қадам

2026 йил 3 март куни мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ташаббус ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги қабул қилинган фармон эса мазкур соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш, мавжуд тизимни мустаҳкамлаш ва амалдаги чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, жабрланган шахсларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш назарда тутилган.
Шунингдек, жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва оилада соғлом муҳитни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва келажак авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсатининг изчил давоми ҳисобланади. Унинг амалиётга татбиқ этилиши эса жамиятда адолат, хавфсизлик ва барқарорлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — нафақат давлат органларининг, балки бутун жамиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир фуқаро ушбу йўналишдаги ишларга бефарқ бўлмаслиги, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши зарур.
Ш.Қодиров
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг
тергов судьяси




