Касбим-фахрим

Кузги-қишки мавсумда иссиқхонада памидор қандай парвариш қилинади?

Юртимизда етиштирилаётган ҳар қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, хоҳ у очиқ далада, хоҳ у иссиқхона шароитида бўлсин, таъми ва витаминларга бойлиги, қуёш нурига тўйинганлиги билан кўпгина давлатлардаги шу турдаги маҳсулотлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам харидоргир. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўпайишига, экспорт имкониятининг ортишига хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 ноябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат Сурхондарёда, балки мамлакатимизнинг  бошқа ҳудудларида ҳам иссиқхоналар сонининг сезиларли даражада ошишига, аҳолининг даромади  ортишига, ишсиз аҳолининг ишли бўлишига хизмат қилмоқда. Иссиқхона ишини тўғри ташкил этиш эса бу борада қўл келмоқда.

Кузги-қишки мавсумда помидорни Элпида, Виласко, Астона, Лестли, Ламия, Видетта каби дурагайларини экишни тавсия қиламиз. Кўчатлар иссиқхоналарга яъни ерга қўлда экилади. Бунда экиш схемаси бўйича очилган уяларга экиб чиқилади. Экиш схемаси қаторлар ораси 70 см пушталар ораси 80-90 см ва ўсимликлар ораси 40-50 см бўлади. Кўчатлар экиш билан бирга эгатлар орқали суғорилади. 4-5 кундан сўнг яна суғорилади. 15-20 кундан кейин эса кўчатлар ипга яъни сим бағазга бойлаб чиқилади. Ўсимлик атрофи чопиқ қилинади ва минерал ўғитлар билан озиқлантириб суғориш ишлари олиб борилади. Иссиқхонада органик моддалар миқдори 20 фоиз атрофида сақланиши талаб этилади. Бунинг учун кузги-қишки экиш даври тупроқда асосий ишлов беришдан олдин хар бир гектар иссиқхона майдонига камида 200 тонна чиринди солиш лозим бўлади. Тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори хар 100 гр тупроқда 100 мг, нитратли ва аммиакли азот миқдори 25-30 мг, сувда эрувчи калий 50-60 мг атрофида сақланиши керак. Бундан ташқари тупроқ таркибидаги хлор миқдори хар 100 гр тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги, магний 25-30 мг, кальций эса камида 100-120 мг бўлиши керак.

Бир гектар майдон учун ўртача 250-300 кг азотли, 250-300 кг фосфорли ва 150-200 кг калийли ўғитларни бериш тавсия қилинади. Бундан ташқари микроўғитлардан мис, рух, молибден, бор, марганец, калций ўғитлари хам керак бўлади. Бу элементларни ўсимлик кам миқдорда талаб килади, лекин шу ўғитлар етишмай колса ўсимлик ўсишдан қисман тўхтайди, ҳосилдорлиги пасаяди. Микроўғитлар ўсимликка бир маромда етказилиши учун уларни минерал ўғитлар билан аралаштириб ишлатиш ёки баргидан пуркаш тавсия этилади.

Помидор ўсимлигига ўсув даврида шакл берилади яъни асосий поя қолдирилиб, бачкилари ён шохлари олиб турилади. Помидор ўсимлиги ёруғликка жуда талабчан бўлиб, кўчатлар иссиқхонага экилгандан кейин декабр-январ ойларида ёруғлик етишмаслиги натижасида ҳосил камаяди. Шу туфайли ўсимликнинг биринчи гулшодасида қишки-баҳорги ўсув даврида мева тугиши жуда суст бўлади. Иссиқхоналарда помидор гули сунъий чанглатилади. Бунинг учун ТУ (трихлорфеноксиуксус кислотаси) ренгумит, томатон каби препаратларнинг биридан фойдаланиш лозим. Бундан ташқари ўсимликларни силкитиб чиқиш (ёғоч билан сўри симларига уриб чиқиш) кенг қўлланилади ёки ҳар бир гулшодани тебратгич ёрдамида тебратиб чиқиш яхши тадбир ҳисобланади. Ўсимликларда фотосинтез жараёнларини тўлиқ амалга оширишда ҳарорат ва ёруғликдан ташқари ҳаво таркибидаги СО2 (карбонат ангидрид) гази миқдори катта аҳамиятга эгадир. Карбонат ангидрид газини ҳаводаги таркиби меъёрида бўлиши учун уни ҳавода 0,15- 0,2 фоиз атрофида бўлишини таъминлаш лозим, бунинг учун чиримаган гўнгдан фойдаланиш мумкин. Помидор етиштиришда тупроқ намлиги 60-75 фоиз бўлишини талаб этади. Ҳавонинг нисбий намлиги эса 60-70 фоиз атрофида бўлиши лозим. Ҳаво намлиги кўрсатилган меъёрдан ошиб кетиши ўсимликларда мева тугиши ёмонлашиши ва уларнинг кулранг чириш, кладоспориоз ҳамда фитофтора касалликлари билан зарарланишига сабаб бўлади. Ҳавонинг нисбий намлигини пасайтириш учун иссиқхонани шамоллатиш зарур, намликни кўратиш учун эса куннинг биринчи ярмида қуёшли об-ҳаво шароитида суғориш керак.

Кеч куз ойларида ёруғликнинг секин-аста пасайиб бориши туфайли, иссиқхоналардаги ҳаво ҳароратини ҳам шунга қараб созлаб турилиши лозим. Ноябрь-декабрь ойларида кундузи ҳаво очиқ бўлганида 20-23°С, булутли кунларда 18-20°С ва кечқурун 15-17°С, тупроқ ҳарорати эса 17-18°С бўлиши лозим. Ҳаво нисбий намлиги 60-70%, хосил терими тугашига бир ой қолганида ўсимликнинг ўсув нуқтаси чилпиб ташланади. Шундай қилинганида мевалар тез пишиб, ҳосилдорлик ҳам ошади. Гуллар ноқулай шароитларда яхши мева боғлаши учун, ўсимлик гулшодаси махсус стимулятор препаратлар билан чанглатилади. Ушбу препаратлар билан помидор гуллари ишлов берилганида мевалар 7-10 кун эрта пишади, меванинг ўртача вазни 15% гача ошади, товар махсулот чиқиши эса 20% ошади.

Муротали Очилов

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси

Термиз туман бўлими фитосанитар карантин инспектори 

Related Articles

Back to top button