Бу қизиқ

2025 йил 17 октябр кунидаги ЎРҚ–1088-сон янги Қонуни мазмун-моҳияти ҳамда техник регламентлар ва тадбиркор манфаатлари мувозанати

Ўзбекистон Республикасининг ушбу Қонуни мувофиқликни баҳолаш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун адолатли ва рағбатлантирувчи ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 10 июнда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2025 йил 1 августда маъқулланган мазкур қонун мамлакатда маҳсулот хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш масалаларига янги ёндашувни жорий этди.

Сўнгги йилларда мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усул ва механизмларни жорий этиш орқали бозорга чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигига қаратилган давлат сиёсати изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур Қонун ана шу ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлаб, мувофиқликни баҳолаш органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Қонуннинг асосий янгиликларидан бири — мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун таъсир чораларини кучайтириш билан боғлиқ нормалардир. Бу орқали техник регламентлар талабларига риоя этмаслик, назорат функцияларини лозим даражада бажармаслик ҳолатларига нисбатан ҳуқуқий жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилди. Бундай ёндашув сифатсиз ва хавфли маҳсулотларнинг бозорга кириб келишини чеклаш, адолатли рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, Қонун рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган нормаларни ҳам ўз ичига олган. Хусусан, техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни ўз ихтиёри билан чақириб олган тадбиркорлик субъектларига енгилликлар бериш механизмининг жорий этилиши тадбиркорлик фаолиятида масъулият ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлайди. Бу норма тадбиркорларни қонунбузарлик оқибатларини яшириш эмас, балки уларни ўз вақтида бартараф этишга ундайди.

Мазкур Қонун давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларда ишонч муҳитини кучайтиришга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади. Шу орқали бозор муносабатларида сифат, хавфсизлик ва жавобгарлик ўзаро уйғун ҳолда таъминланиб, истеъмолчи манфаатлари устувор аҳамият касб этади.

Шу сабабли 2025 йил 17 октябрда қабул қилинган ЎРҚ–1088-сонли Қонун мувофиқликни баҳолаш тизимида ҳуқуқий мувозанатни таъминлаган, мазмунан чуқур ва амалий аҳамиятга эга ҳужжатдир.

У истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун адолатли шароит яратиш ҳамда мамлакатда хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар бозорини шакллантиришга хизмат қиладиган мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида намоён бўлади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судяси

Туранов Қаҳрамон Холназарович

Related Articles

Back to top button