Ўзбекистон

Умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигига эътибор қаратиш муҳимдир

Дунёдаги ҳар бир миллатнинг миллий либослари бор. Ана шу миллий либосларда ўша халқнинг, миллатнинг тарихи, маданияти ва маънавияти намоён бўлади. Миллий либос инсонни ҳаёт, замон ва макон билан узвий боғлаб турадиган ўлмас қадриятлардан биридир. Қадриятлар ҳар доим халқнинг ўзлиги, маънавияти ва маданиятидан дарак берувчи юксак мезон. Бугун миллийликка қаратилаётган эътибор ҳам ана шу мезонларнинг умрбоқийлигини таъминлашга қаратилган. Жумладан, миллий либослар челленжи аксарият ташкилотлар қатори, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мақсад – миллатимизнинг маънавий кўзгуси саналган анъаналар бардавомлигида муносиб иштирок этишдан иборат.

Инсон маданиятини ташқи ва ички, яъни этик ва эстетик нуқтаи назардан оладиган бўлсак, бу икки манзара бир-бирини тўлдириб боради. Ички маданият кишининг ташқи қиёфасида ҳам акс этиб туради. Шахснинг кийиниши, муомала маданияти, одоби жамиятда унинг қандай мавқега эга эканлигини белгиловчи муҳим жаҳатлар эканлиги барчамизга яхши маълум. Қулай ва бежирим ўзбекона кийимлар халқ ҳунармандчилигининг, қолаверса, аждодларимиз закосининг ёрқин ифодаси, десак хато бўлмайди.

Кийиниш маданияти инсоннинг муайян миллатга, ҳудудга ёки ижтимоий гуруҳга мансублигини билдиради. Масалага бошқа жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, унинг бир томони оила ва тарбияга ҳам бориб тақалади. «Оммавий маданият» таҳдиди кучайиб бораётган бугунги кунда умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигига эътибор қаратиш муҳимдир. Айниқса, миллий маданиятимизнинг ўзига хос кўринишлари ёшларимиз кияётган либосларида ҳам ўз аксини топади.

Бу борада Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида миллийлигимизни кенг тарғиб қилиш борасида кенг миқёсдаги тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Чунончи қалби миллий ифтиҳор ва ғурурга тўлган ёшлар жамоанинг катта қисмини ташкил этади. Шу боис ҳам бу борада улар фаол бўлишмоқда. Вилоят бошқармаси ҳамда унинг туман бўлимларидаги ходимлар ҳам хафтанинг ҳар жума кунида эгнидаги миллий либослар, ўзбекона дўппилар билан барчага хуш кайфият ва жўшқинлик бахш этмоқда.

Хислат Чориев

Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

 

Related Articles

Back to top button