Халқаро анжуман иштирокчилари Имом Термизий қабрини зиёрат қилишди
Термиз шаҳрида ўтказилаётган халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этиш учун дунёнинг ўнга яқин давлатидан вилоятимизга келган таниқли олим ва уламолар Шеробод туманидаги Имом Термизий зиёратгоҳига ташриф буюришди.
Меҳмонлар бу ерда буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий қабрини зиёрат қилишди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Зиёратгоҳ тарихи, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, зиёратчиларга яратилган шароитлар, кутубхона ва жоме масжид фаолияти билан танишган меҳмонлар дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги бундай эътибордан мамнунликларини изҳор этишди. Жоме масжидида аср намози адо этилди.
Маълумот учун, Президентимизнинг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Абу Исо ат-Термизийнинг “Сунани Термизий шарҳи” китобининг тўрт жилди, Абу Жаъфар Термизийнинг “Тафсир” китоби нашр қилинди.