Hodisalar

КОРРУПЦИЯВИЙ ЖИНОЯТЛАРДАН БИРИ ХУСУСИДА

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар доимий равишда амалга ошириб келинмоқда.

Бироқ, шундай бўлса-да, бундай турдаги жиноятларни таг-томири билан қуритиш ва бутунлай барҳам беришнинг ҳозирча имкони бўлмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 211-моддасида, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, шундай жиноятлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима жазосидан оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлганида ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари мавжуд.

Масалан, фуқаро Тўраев Обид (исм фамилияси ўзгартирилган) озодликни чеклаш жазосига судланиб, ИИБ пробация гуруҳида жазо ўтаб турган вақтида ўзини пробация рўйхатидан чиқариш эвазига ИИБ ходимига 2.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган ва ИИБ ходими бу ҳақида тегишли органларга ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2023 йил 17 октябрда ўтказилган тезкор тадбирда Тўраев Обид Қумқўрғон туманида ИИБ ходимига 2.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида воқеа жойида ашёвий далиллар биланушланган.

Суд ҳукмига кўра, Тўраев Обидга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 61,60-моддаларига асосан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Хулоса шуки, коррупцияга оид жиноятлар учун ҳам жавобгарлик муқаррар.

            Сурхондарё вилоят суди жиноят

            ишлари бўйича судьяси М.Маликов

Related Articles

Back to top button