Ўзбекистон

“Тергов судьяси” институти-суд тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичига қўйилган қадам

Жорий йилнинг 10 июнь куни мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Ушбу институтнинг жорий этилиши суд тизимида қандай ўзгаришларга олиб келиши ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Фармонга кўра 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида ўз фаолиятларини бошлайдиган тергов судьялари судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласини шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.

Тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган санкциялар:

— қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

— қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

— паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

— мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

— почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

— тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

— телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

— мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

Тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган мажбурлов чораларининг турлари:

— айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

— шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

— айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

— ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

Шунингдек, юқорида айтилганидек маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар ва прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаси тергов судьялари томонидан кўриб чиқилади.

Айтиш жоизки тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Ушбу фармонда Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириши, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Сурхондарё вилоят суди

девонхона катта консультанти       М.Маматқориев

Related Articles

Back to top button