Халқ банки экология йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб қувватлайди
Замонавий жамиятда бизнес нафақат даромад олишга, балки фойдали бщлишга ҳам интилади. Маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш йўналиши экология ва атроф муҳит учун фойдали бўлиши билан бир қаторда чекланган ресурслар шароитида иқтисодий самарадор ҳам ҳисобланади. Шунинг учун бундай корхонларни қўллаб-қувватлаш, ўзига хос ижтимоий масъулият десак ҳам бўлади.
Ўтган ҳафта Халқ банки томонидан водийга уюштирилган пресс-тур давомида шундай корхоналардан бири — «Best Fiber» МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Банкдан олинган 1,2 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит эвазига, бугунги кунда йилига 300 тоннадан ортиқ пластик чиқинди (халқ тили билан айтганда «баклажка»)ни қайта ишлаб, уни фойдали хом ашёга айлантираётган корхона фаолияти, албатта тақсинга лойиқ. Мажозий қилиб айтганда, «чиқиндидан ҳам пул қилиш» ҳаммага эмас — корхонанинг йиллик даромади 10 млрд сўмни ташкил қилади.
«Best fiber» МЧЖ нафақат Ўзбекистон балки Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни давлатлардан йиғиб келинаётган хомашёларни ҳам қайта ишлаётганлиги айтилди. Корхона ўз фаолияти билан атроф-муҳитни асрашга катта ҳиссасини кўшишдан ташқари 100 га яқин иш ўрни яратишга ҳам муваффақ бўлган.
Пресс-тур давомида яна бир нечта тадбиркорлик субъектларига ташриф буюрдик, барчасини «оёққа туриши»да Халқ банкининг озми, кўпми ҳиссаси бор. Иқтисодиёт тармоқларини фаол қўллаб-қувватлашда банкнинг ҳиссаси катта эканлиги, қувонарли.