Касбим-фахрим

ШЎРЧИ ТУМАНИДАГИ «ПАРИЗОДА ИННАВАЦИОН СВТ» ОК ТИКУВЧИЛИК ЦЕХИ ҚУРИШ УЧУН ЕР ОЛОЛМАЯПТИ

Шўрчи тумани Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Хасанова Мунаввар Мухаммадаминовна 2020 йилдан буён «Паризода инновацион СВТ» оилавий корхона раҳбари бўлиб иш юритиб келмоқда.

У раҳбарлик қилаётган корхона ходимлари Шўрчи тумани Касбга ўқитиш коллежининг спорт ва фаоллар залида вақтинчалик фаолият юритиб келмоқда. Мазкур бино корхона ишчиларининг қулай меҳнат шароитида фаолият юритиши учун мослаштирилмаган. Бино коллеж балансида бўлиб, тикувчилик фаолиятига ихтисослаштириш имконияти мавжуд эмас. Коллеж ўқув жараёнлари учун зарур бўлганда корхона ишчилари бинони бўшатиб беришга мажбур.

Бундан ташқари, бинонинг иситиш тизими носозлиги туфайли қиш ойларида ишлаш имконсиз. Шунинг учун 65 ходимларни уй шароитида ишлатиб келмоқда.

Корхона раҳбарининг айтишича, туман ва вилоят ҳокимлигидан корхона ишчилари учун замонавий тикувчилик цехи қуришга бўш ер майдонидан «Давлат  хусусий шерикчилик тўғрисида”ги Қонуни асосида ер майдони ажратилишини сўраб бормаган идораси қолмади. Аммо унинг илтимоси ҳалигача ижобий ҳал этилмади.

Аслида, Ўзбекистон Республикаси «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунининг 31-моддасига кўра Давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган, давлат шеригига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари ёки уларнинг бир қисми давлат шериги томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган муддатга ва шартлар асосида ижарага берилади.

65 нафар аёлларни доимий иш билан таъминлаш арзийдиган дастур. Аммо бу ишни амалга оширадиган азамат Шўрчи туманида ҳалигача топилгани йўқ. Шу  коллежнинг ёнида стадион эса бўш турибди. Бу атрофда Тиббиёт техникуми стадион ва бошқа спорт майдонлари етарли. Аммо аёлларнинг бандлигини таъминлаётган корхона йўқ ҳисоби.

2024 йил 7 март куни Тошкент шаҳрида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимликларнинг хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар Комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 442 та маҳалладаги 580 мингга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлашга масъул этиб белгилади. Бу дегани ҳар бир маҳаллада 62 нафар аёл иш билан таъминланиши лозим.

Президентимиз бир неча йиллардан бери аёлларнинг бандлигини таъминлаш масаласида долзарб топшириқлар бермоқда, аммо топшириқ бажарилиши маҳаллий ҳокимият органларига юклатилганлиги ва назорат йўқлиги туфайли аёлларнинг ишсизлиги ошса ошяптики, камаймаяпти.

Шўрчи туман ҳокимлиги томонидан бир неча марта хотин-қизларни иш билан таъминлаш тўғрисида «Паризода инновацион СВТ» оилавий корхонасига ишга таклиф қилишган, бир қанча аёллар ишга қабул қилинди, аммо шароит йўқлигидан ишлашни давом эттира олмадилар.

Қизиғи шундаки, жойларда ҳокимларни янги очилган тадбиркорлик субъектлари ва у ерда қанча киши банд қилинганлиги қизиқтиради, аммо кейин корхонанинг фаолияти умуман қизиқтирмайди. Корхона инқирозга учраб ишчилар ишсиз қолгани ҳеч кимни ҳаттоки Бандликка кўмаклашиш бўлимини ҳам қизиқтирмайди.

Агар менинг илтимосим ижобий ҳал этилганида корхонам фаолият бошлаганидан шу кунга қадар ишчилар сонини 4 бараварга оширишим, йилига ўртача 3 млрд. сўм даромад кўришим, ишчи ҳодимларини ойлик иш ҳаққини 5 млн. сўмдан ошириш, корхонам 850 млн. сўм кредит қарзларини тўлиқ қоплашим, экспорт салоҳиятимни ошириш ва бу билан чет давлатлардан валюта кириб келиш оқимини ошишига муносиб ҳисса қўшишим, корхонамда янги ишлаб чиқариш имкониятларини бажаришим мумкин эди-деди биз билан суҳбатда корхона раҳбари М.М.Хасанова.

Юқорида кўтарилган мавзу бўйича Шўрчи туман раҳбарларининг жавобларини кутамиз.

Б. Баратов

Related Articles

Back to top button