Ўзбекистон

Бу йил 5 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди

Камбағалликни кескин камайтириш учун одамларимизга доимий даромад келтирадиган иш ўринларини яратиш зарур — деди давлат раҳбари.

Ўтган йили 16 та туман ва шаҳарда доимий иш ўринларини яратиш режаси 70 фоизга ҳам бажарилмагани кўрсатиб ўтилди. Бандлик идоралари эса иш сўраб келган одамларга осонгина нафақа тайинлашга ўтиб олгани танқид қилинди.

Шунингдек, республикадаги 319 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари аҳолини бизнесга жалб қилиш, бандликни ошириш, камбағалликни қисқартириш бўйича натижа кўрсата олмагани қайд этилди.

Жумладан, Ш.Рашидов, Пастдарғом, Ангор туманлари, Андижон ва Термиз шаҳарларидаги 123 та ҳоким ёрдамчисининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ишлари қониқарсиз.

Ушбу ҳоким ёрдамчиларини тўлиқ янгилаш ва тажрибали ҳоким ёрдамчиларини бириктириш вазифаси қўйилди.

Бандлик тизимига кирувчи касбга тайёрлаш муассасалари фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.

Масалан, ҳозирда чет элда ишлаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат билан шуғулланмоқда.

Европа, Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда катта келишувлар доирасида 150 мингта ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилди.

Шу муносабат билан ташқи меҳнат миграцияси тизимидаги ишларни лозим даражада ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги иш ўринларини яратиш ва аҳолини касбга ўқитиш борасидаги камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифаси қўйилди.

Related Articles

Back to top button