Касбим-фахрим

Мавзу:Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-439-сонли  “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилинган бўлиб, қонун 6 та боб 34 та моддадан иборат.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;

манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш;

судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш;

коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ўртасида мувофиқлаштиришни ва ҳамкорликни таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

коррупцияга қарши курашнинг самарали жиноят-ҳуқуқий ва жиноят-процессуал механизмларини яратиш.

Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт эканлиги белгилаб ўтилган.

 

Термиз туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси

Неъматжон Назаров 

Related Articles

Back to top button