Маданият

ОДАМ САВДОСИ

Дунё халқларининг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш барчанинг эътиборида қолмоқда.

Жиноятчиликнинг бу мудҳиш турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор тавсиявий ва мажбурий характерга эга бўлган ҳужжатлари қабул қилинган.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилигимизда ҳам ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, 2019-2020 йилларда мазкур йўналишлардаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида 20 дан ортиқ  норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, ХМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 та Конвенция ҳамда протоколлари ратификация қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Дунё бўйлаб шунча кенг қамровли амалиёт, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, қизлар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги жудаям ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Бугунги кунда дунёда одам савдосини учта кенг турқалган тури мавжуд бўлиб, булар: жинсий эксплуатация (фохишабозлик), мажбурий меҳнат ва одам аъзоларини сотишдир.

Бу жиноятнинг асосий сабаби, таг замирига назар ташласак, маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишликни кўрамиз.

Ҳуқуқ устувор бўлган давлатимизда инсон ҳуқуқларини, қонунлар ҳимоясини амалга оширувчи органлар борки, бу каби иллатларни фош этишда кечаю-кундуз тинмай ишлашмоқдалар.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ҳалқаро даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳуқуқий ҳамкорлик йўлга қўйилган ҳолда амалга оширилса ўз самарасини беради.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси            М.Хакимов

Related Articles

Back to top button