Касбим-фахрим

СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ВА БОШҚА ОРГАНЛАР ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ ТИЗИМИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

Суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этиши туфайли,  суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга доир қонунларга ижро иши юритишни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш заруратини келтириб чиқармоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 апрелдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 762-сонли қонунига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги 258-II-сонли қонунига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу қонун билан 81, 82 ва 83-моддалар билан тўлдирилган. Унга кўра,

«81-модда. Ижро ҳужжатларининг Мажбурий ижро бюроси органларига тааллуқлилиги —

Ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади, бундан Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармаларига ва марказий аппаратига тааллуқли ижро ҳужжатлари мустасно.

Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармалари:

турли туманларда (шаҳарларда) жойлашган бир нечта қарздорга, шу жумладан солидар жавобгарлиги бўлган қарздорларга нисбатан берилган ижро ҳужжатларини;

ижро ҳужжати тақдим этилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик минг бараваридан юз минг бараваригача миқдордаги суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини;

чет давлатнинг резиденти бўлган қарздор юридик шахсга нисбатан ижро ҳужжатларини ижро этади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош давлат ижрочилари ёхуд уларнинг ўринбосарлари алоҳида ҳолатларга қараб ҳар қандай ижро ишини Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимларидан олиб қўйишга ва уни ўз иш юритувига қабул қилишга ҳақли.

Мажбурий ижро бюросининг марказий аппарати:

турли вилоятларда жойлашган бир нечта қарздорга, шу жумладан солидар жавобгарлиги бўлган қарздорларга нисбатан берилган ижро ҳужжатларини;

ижро ҳужжати тақдим этилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридаги ва ундан ортиқ миқдорлардаги суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини;

чет давлатларга, уларнинг давлат органларига, чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналарига ва консуллик муассасаларига, халқаро ҳукумат ташкилотларига ва уларнинг ваколатхоналарига, шунингдек уларнинг дипломатик иммунитетга эга бўлган ходимларига нисбатан берилган ижро ҳужжатларини ижро этади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси ёхуд унинг ўринбосари алоҳида ҳолатларга қараб ҳар қандай ижро ишини Мажбурий ижро бюросининг органидан олиб қўйишга ва уни ўз иш юритувига қабул қилишга, ижро ишини Мажбурий ижро бюросининг бир органидан бошқа органига ўтказишга ҳақли.

Шунингдек, 82-модда. Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларининг ижро этилишини улар Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилгунига қадар таъминлаш —

Қуйидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилгунига қадар ундирувчи томонидан тегишли давлат органига, ташкилотга ёки унинг мансабдор шахсига ижросини таъминлаш учун топширилади:

юридик шахсдан пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари — қарздор юридик шахсга ҳисобварақлар бўйича хизмат кўрсатувчи банк муассасасига ёки бошқа кредит ташкилотига (бундан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирувни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари мустасно);

давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин юзага келадиган мулкий ҳуқуқларни белгилаш тўғрисидаги ёки уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги ижро ҳужжатлари — тегишли мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи давлат органларига ва ташкилотларга;

қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини белгилаш ёки қимматли қоғозларнинг миқдори ва тури бўйича аниқланадиган юридик шахслар устав фондидаги (устав капиталидаги) улушни белгилаш тўғрисидаги ёхуд қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳисобга олишга доир мажбурият юклатилишини назарда тутувчи ижро ҳужжатлари — қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини ижро ҳужжатида кўрсатилган шахс номига ҳисобга қўйиш мақсадида ваколатли органга (ташкилотга);

ишга тиклаш ҳақидаги ижро ҳужжатлари — ишга тиклаш ваколати берилган иш берувчига;

иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари — иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириши шарт бўлган тегишли иш берувчига (ташкилотга);

қарздор давлат органи, ташкилот ёки унинг мансабдор шахслари тўғрисидаги ёхуд уларнинг зиммасига мажбуриятлар юклатилишини назарда тутувчи ижро ҳужжатлари — қарздор давлат органига, ташкилотга ёки унинг мансабдор шахсига ёхуд ижро ҳужжатида ўз зиммасига мажбуриятлар юклатилган давлат органига, ташкилотга ёки унинг мансабдор шахсига;

маъмурий жарима солиш ҳақидаги ижро ҳужжатлари — иш ҳақини ёки бошқа даромадни, пенсияни ёки стипендияни тўлашни амалга оширувчи ташкилотга (бундан ҳуқуқбузар ишламаётган ёки унинг иш жойи номаълум бўлган ҳоллар мустасно). Ушбу тартиб суднинг маъмурий жарима солиш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан қўлланилмайди.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ижро ҳужжатлари ўзига ушбу ҳужжатлар тақдим этилган давлат органи, ташкилот ва мансабдор шахслар томонидан, агар ижро ҳужжатларида бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса, улар тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, банкларга тақдим этилган юридик шахсдан пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари эса кейинги иш кунидан кечиктирмай банк томонидан ижро этилади.

Ишга тиклаш ҳақидаги ижро ҳужжатлари ишга тиклаш ваколати берилган иш берувчига ижрони таъминлаш учун ундирувчи томонидан ижро ҳужжати тақдим этилган кундан кейин дарҳол ижро этилади.

Айрим тоифадаги ижро ҳужжатлари ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган муддатларда давлат органи, ташкилот ёки унинг мансабдор шахси томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаган тақдирда, ундирувчи томонидан ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилади ҳамда айбдор шахслар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, 83-модда. Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилаётганда ижро ҳужжатларига илова қилиниши керак бўлган ҳужжатлар

Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилаётганда ижро ҳужжатларига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

1) ушбу Қонуннинг 82-моддасида кўрсатилган айрим тоифадаги ижро ҳужжатлари тегишли давлат органига, ташкилотга ёки унинг мансабдор шахсига тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

2) истеъмол қилинган энергия ресурслари ва ичимлик суви учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга ёки мансабдор шахсга берилгунига қадар қарздор юридик шахс (бундан қонунчиликка биноан тармоқлардан узилишига йўл қўйилмайдиган истеъмолчилар мустасно) энергия ресурслари тармоқларидан ва сув таъминотидан узилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

3) ундирувни гаров билан таъминланган мол-мулкка қаратиш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича гаров тўғрисидаги шартнома;

4) солиқ қарзини ундиришга доир ижро ҳужжатлари бўйича инкассо топшириқномаларининг (тўлов ҳужжатларининг) санаси, рақами ва суммаси тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек ушбу мол-мулк хатланган тақдирда, мол-мулкни хатлаш ҳақидаги қарор ва баённома.

Мол-мулкни давлат даромадига ўтказишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларига илова қилиниши керак бўлган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ белгиланади» деб қайд этилган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, ушбу қонун келгусида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Сохиб Рахимов,

 Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Related Articles

Back to top button