Ўзбекистон

Тайёр инфратузилмаси бўлган саноат ерларидан бошқа мақсадда фойдаланиш кўп учрамоқда

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер ҳисобини юритиш масалалари юзасидан йиғилиш ўтмоқда.

Йиғилишда йўл хўжалигида ҳам шу аҳвол экани таъкидланди. Кўпгина ички йўллар ва унга туташ ерларнинг ҳужжати йўқлиги билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди.

Келгуси йилда “Ташаббусли бюджет” ва “Менинг йўлим” лойиҳаларига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таъмирланадиган ички йўлларни лойиҳалашда уларга кадастр ҳужжатини тайёрлашни ҳам назарда тутиш топширилди.

Айрим вазирликларга берилган ер ва бинолар кадастри ҳам қониқарсизлиги қайд этилди. Баъзи объектларнинг эгалик ҳужжати йўқлиги аниқланган. Ушбу ерларнинг ҳужжати йўқлиги сабабли талон-торож қилинган ҳолатлар мавжуд.

Вазирликларга ўзларига қарашли барча ер ва биноларни ҳужжатлаштиришни якунига етказиш, Бош прокуратурага ушбу ишларнинг қатъий назоратини йўлга қўйиш топширилди.

“Қанчалик қийин бўлмасин, охирги беш йилда қишлоқ хўжалигидан 42,5 минг гектарни қисқартириб, аҳоли пунктлари ва саноат ерлари тоифасига ўтказиб бердик.

Афсуски, катта-катта ваъдаларни берган айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу ерлардан самарали фойдалана олмаяпти”, — деди Президентимиз.

Хусусан, 100 та туманда тоифаси ўзгарган 17,5 минг гектар ер на тадбиркорга берилган, на аукционга чиқарилган. Бу ерлар олинганидан буён захирада ётгани танқид қилинди.

Вилоят ҳокимлари йил якунига қадар бу ерлар аукционга чиқарилмаса, қишлоқ хўжалиги тоифасига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Шунингдек, тоифаси ўзгариб, тадбиркорларга ажратилган 19 минг 300 гектар ердан 5 минг 400 гектари бўш турибди. Саноат зоналарида ҳам лойиҳа жойлаштирилмаган ерлар бор. Аксинча, тайёр инфратузилмаси бўлган саноат ерларидан бошқа мақсадда фойдаланиш кўп учрамоқда.

Related Articles

Back to top button