Ўзбекистон

Жаҳонда энергия ресурсларини тежаш масаласининг долзарблиги тобора ортиб бормоқда

Шу боис юртимизда “яшил энергетика”ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта марралар олинган.

Энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрель ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар ўтказилди. Шу асосда 4,5 миллиард куб метр газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлгани йўқ, раҳбарлари эса “сўров бўлмаяпти” деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Хусусан, Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион куб метр, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион куб метр газни кўп истеъмол қилган.

Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган.

Энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Йил бошидан қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш бўйича катта дастур бошланган.

Ўтган даврда 430 мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилди. Шунинг ўзи йилига 1,2 миллиард киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқармоқда. Бу ижтимоий соҳа объектлари йиллик истеъмолининг 60 фоизига тенг.

Бугунги кунда ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари ҳамда аҳоли хонадонларида 250 мегаватт қуёш панеллари ўрнатилди.

Бу борада Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғонада ишлар тўғри ташкил қилиниб, ижтимоий соҳа объектларида қуёш панеллари ўрнатиш бўйича йиллик режа бажарилди.

Шу билан бирга, ижтимоий объектлар ва давлат идораларида қуёш панеллари ўрнатиш Ўртачирчиқда атиги 5 фоизни, Бўка туманида 10 фоиз, Бўзатов ва Пискентда 15 фоиз, Нурота ва Янги ҳаёт туманларида 20 фоизни ташкил қилди.

2023 йил учун режа қилинган тармоқ ва трансформаторларни таъмирлаш ишларини 1 августга қадар якунлаш бўйича топшириқ берилган эди.

Лекин ҳудудлардаги 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишлари ҳалигача якунланмаган.

Йиғилишда энергия ресурслари истеъмолида тартиб-интизом ҳалигача тўлиқ таъминланмагани танқид қилинди.

Ўтган етти ойда ҳудудларда 160 миллион киловатт соат электр ва 290 миллион куб метр газ ноқонуний ишлатилиб, тармоқ корхоналарига 355 миллиард сўмлик зарар етказилганлиги аниқланган.

Бу борада Бош прокуратура ва Энергия инспекцияси тизимига катта ваколат ва ресурслар берилгани, лекин улар йўқотишларни олдини олиш билан эмас, балки оқибати билан курашаётгани кўрсатиб ўтилди.

Туман ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар ва департамент раҳбарлари қайси туманда энергияни ўғрилаш давом этса, нореал қарздорлик ошиб кетса, электр ва газ раҳбарларига қўшилиб жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

— Яна бир бор таъкидлайман. Бир-икки ойдан сўнг куз-қиш мавсуми бошланади. Уни беталафот ўтказиш, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини кафолатли етказиб бериш бўйича ишларни ҳозирданоқ бошлаш зарур, — деди давлат раҳбари.

Related Articles

Back to top button