Ўзбекистон

Жиноят ишини тайинлаш ажримининг мазмун моҳияти

Бу босқич ўз моҳиятига кўра муҳим босқич. Н.Н.Ковтун бу босқичга таъриф бериб, “судга бериш босқи­чининг иккита муҳим жиҳати бор. Биринчидан, ўзидан олдинги бос­қичларнинг қонуний ўтказилганлигини текшириш. Иккинчидан, суд муҳокамасида ишни мазмунан ҳал қилиш учун асосларнинг етарли эканлигини кафолатлаш”, дейди.

Амалдаги ЖПКда жиноят иши материалларини судга тайинлаш босқичини таҳлил қилиб, бу вазифаларни ҳал қилинмаётганлигини шохиди бўламиз:

  • Жиноят ишини суда кўриш учун тайинлаш ёхуд бошқа қарорқабул қилиш тартиби белгиланган Жиноят-процессуал кодексининг 395-моддаси биринчи бандида “судья ҳал қилув қарорлардан бирини қабул қилади” дейилган. Ваҳоланки, жиноят процессида бундай ҳуж­жатнинг ўзи йўқ. Балки, қонун ижодкорлари “ҳал қилув қарори” де­ганда масалани узил-кесил ҳал қиладиган ҳужжатни назарда тутган­дирлар, лекин нафақат бу моддада, балки бутун бобда ишни суда кўриш учун тайинлаш билан жиноят иши юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни эътиборга олмаганда масалани узил-кесил ҳал қиладиган ҳужжат учрамайди.
  • ЖПКнинг 395-моддасининг биринчи бандида судья жиноят иш юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида қарор чиқариши баён қилинган. Айнан шу масала Жиноят-процессуал кодексининг 401-моддасида ҳам назарда тутилган. Лекин бу моддада ҳам қатор ноаниқликлар бор:

а) “суд жиноят ишини тугатади” деган жумлани заминида жи­ноят ишини тугатиш ваколати суд мажлисида ҳал қилинади деган маъно ётади. Амалиётда ҳам айнан шундай. Баён қилинишича, суд бир вақтнинг ўзида эҳтиёт чорасини бекор қилади, фуқаровий даъво­ни таъминлаш чорасини ҳам бекор қилади ҳамда ашёвий далиллар масаласини ҳам ҳал қилади дейилган. Демак, сўзаниқ суд мажлиси хусусида кетмоқда;

б) Жиноят-процессуалкодексининг 401-моддасининг учинчи бандида “ишнинг тугатилгани тўғрисида айбланувчи ва жабрланув­чига хабар берилади” деб ёзиб қўйилган. Модданинг мазмунидан айбланувчи судга берилмаган ва “судланувчи” деган ном билан атал­маган. Бу ҳам жиддий хато ҳисобланади, чунки суд мажлисида ишти­рок этаётган шахс судьянинг ишни судга тайинлаш тўғрисидаги қарори чиққанидан сўнг “судланувчи” номини олади.

  • Жиноят ишини дастлабки, терговга қайтариш институти бу босқичда назарда тутилмаган. Лекин шу бобнинг 404-моддасида “суднинг жиноят ишини қўшимча терговга қайтариши ва ишни туга­тиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят бериш ҳамда протест бил­дириш” мумкинлиги баён қилинган. Ахир дастлабки терговга қайта­риш бу бобда тартибга солинмаган бўлса, қандай шикоят ёки протест устида сўз кетмоқда? Агар бу босқичга дастлабки суд мажлиси тарти­би жорий қилинса, бу модда ўринли, акс ҳолда бу модда бутунлай ортиқча, ишламайдиган нормадир. Юқоридаги фикримизни давом эт­тириб, Жиноят-процессуал кодексига 400-модда “Жиноят ишини да­стлабки терговга қайтариш учун асослар” қайд қилиниши керак ёки алоҳида “Дастлабки суд мажлиси” бобига киритилиши лозим.
  • “Жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ажрим” жумласини нормада қайд қилиниши (ЖПКнинг 404-моддаси) Жиноят-процес­суал кодексининг 257-моддасини ҳам нотўғри талқин қилинишига сабаб бўлган. Бу модданинг иккинчи бандида “Суд оқлов ҳукмида ёки ишни тугатиш ҳақидаги ажримида судланувчини лавозимидан четлаштиришни бекор қилади” деб белгиланган.
  • Жиноят-процессуал кодексининг 421-моддасида суд мажлисида жиноят ишини тугатиш масаласи баён қилинган. Унга кўра, суд мажлисида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида ва 84-мод­дасининг биринчи қисмидаги 1, 2, 3-бандларида назарда тутилган ҳо­латлар аниқланса, суд ишини кўришни давом эттиради ва 83-моддада кўрсатилган асослар бўйича оқлов ҳукми, 84-моддаси биринчи қис­мининг 1, 2, 3-бандларида кўрсатилган асослар бўйича эса, айблилик масаласини ҳал қилмай, ишни тугатади. Демак, амалдаги қонунчи­лика кўра, жиноят ишини суд муҳокамасида тугатиш деганда, ишни ниҳоясига етказиб, асослар бўлганида оқлов ҳукми ёки жазо белгиланмайдиган айблов ҳукми чиқарилади. Унда жиноят ишини суда кўриш учун тайинлаш бобидаги 401-моддасида белгиланган жиноят ишини тугатишга ҳеч қандай ўрин қолмайди-ку, яъни ўз-ўзидан судга бериш босқичида жиноят иши тугатилмай суд мажлисига олиб чиқилса, суд мажлисида тугатилмай оқлов ҳукми чиқарилгунча иш юритилса айбсиз шахсни сарсон-саргардон қилиб юборилмайдими?

Шу ўринда прокурорнинг айбловдан воз кечиш ҳолатига ҳам тўхтаб ўтиш зарур. Агар айбномани қўлловчи прокурор ўз айбнома­сидан воз кечса, одил судловни амалга оширадиган суд шахсни айб­дор деб топиб, ҳукм чиқариши мумкин эмас. Бу мантиққа тўғри кел­майди. Агар шундай ҳолат вужудга  келса, суд судланувчига нисбатан оқлов ҳукми чиқариб, шахсни ноқонуний моддий, маънавий, жисмо­ний азоб-уқубат чекишига сабабчи бўлган мансабдор шахсларга те­гишли чора кўрилишини талаб қилиб, хусусий ажрим чиқариши ло­зим. Балки шундай ҳуқуқий оқибат чиқмаслиги учун ҳам прокурор айбловдан воз кечмаса керак, чунки амалиётда буни тасдиқловчи ми­сол деярли йўқ.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судья катта ёрдамчиси Ф.Мирзақулов

Related Articles

Back to top button