Маданият

Хотин-қизлар ҳуқуқларининг ҳимояси

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ хотин-қизларнинг жамиятдаги роли, ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг шароитлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият хаётидаги ролини ҳимоя қилишга қаратилган саксондан ортиқ миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилинганлиги аёлларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий исботидир. Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида фидоий аёлларимизнинг фаоллашиб бораётганлигини кўрамиз. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Хотин-қизлар қўмитаси институтининг жорий қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим қадам бўлди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг, республика хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ишлаб чиқилди.

Ушбу фармонга асосан, хотин-қизлар қўмиталари раисларининг вазифаларни тақсимлаш бўйича улар зиммасига юклатиладиган ваколатлар доираси жиддий равишда қайта кўриб чиқилди ва фаолиятига кенг йўл очиб берилди. Хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигиниошириш, давлат қурилишида фаол қатнашишлари соҳасидаги умуммиллий сиёсатни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилди, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари айниқса қишлоқ жойларида уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга қаратилган дастурлар тайёрланди.

Ушбу фармон, айтиш мумкинки, аёлларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳамда давлат қурилиши вазифаларини ҳал этишдаги фаолликларини янада ошириш, эркин меҳнат қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишда муҳим туртки бўлди. Ушбу фармоннинг асосий мақсадларидан бири жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) миллий-диний анъаналарни тушунтириш ва уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, оила муқаддаслиги, давлат ҳимоясида эканлиги, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онгига таъсир ўтказиш, уларни экстремистик ва террористик фаолиятга жалб этиш йўлидаги уринишларига қарши қаратилган тарғибот ишларни самарали ташкил қилиш ҳисобланади.

Зеро, юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Юксак билим ва малакага эга бўлган оқила аёлларимиз ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқларида нуфузли ўринни эгаллаб, хотин-қизларимизнинг, халқимизнинг ишончли вакиллари сифатида фаолият олиб бориши учун кенг имконият очиб берсак, бу ҳолат ижтимоий ҳаётимизда доимий анъанага айланса, ишончим комилки, олдимизда турган барча муаммоларни адолатли ечишда, ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида салмоқли қадам қўйган бўламиз”.

 

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман судининг раиси                                         М.Хакимов

Related Articles

Back to top button