Ўзбекистон

Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги,халқимиз тинч осойишта ҳаёти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонуний манфаатларининг мустаҳкам  ҳуқуқий кафолатидир.

Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, халқнинг хохиш
ва иродасидан келиб чиқиб, тинч ва фаровон турмуш тарзига ҳуқуқий асос бўлувчи тартибларни асосий қонунида мустаҳкамлаб олади.

Асосий Қонунда баён этилган тартиблар шу қадар аҳамият касб этадики, ҳеч бир фуқаро усиз яшай олмайди, негаки инсонинг кундалик тўқнаш келадиган муаммолари ечими бевосита унга боғлиқ бўлади.

Шиддат билан ўзгараётган дунёда рўй бераётган геосиёсий вазиятлар, энг аввало, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва унда белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун нафақат қонунларимиз мустаҳкамланиши, балки Конституциямизда ҳам инсон шаъни, унинг қадр қимматини юксалтиришга қаратилган нормаларни янада такомиллаштириб, бугунги кун талабларига мослаштириш эҳтиёжини пайдо қилди.

Натижада халқимизнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида янгиланган Конституция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Муҳокамалар якунида мамлакатимиз тарихида биринчи марта Бош қонун ҳужжати референдумда бевосита халқ томонидан қабул қилинади. Бир сўз билан айтганда бу халқчил Конституция бўлади.

Бош қомусимизга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар миллий қонунчилигимиз, қадриятларимиз, ўзбек давлатчилигининг тарихий тажрибаси ҳамда жамоатчилик таклифлари, замонавий халқаро стандартлар ва энг илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолдакиритилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 715 та таклифлар келиб тушган ва улар асосида лойиҳа такомиллаштирилиб, маромига етказилди, хусусан таклифларнинг ҳар тўртасидан биттаси лойиҳадан жой олган.

Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида 400 дан ортиқ халқаро ҳужжатлар, 190 га яқин давлатлар конституциялари пухта таҳлил этилиб, халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган барча қоидаларини ўзида мужассам этган ҳужжат сифатида юқори баҳоланди.

Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари 275 тадан 434 тага ошган, яъни асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида
янгиланган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварига кўпайган ҳамда шулардан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирдаги Конституция сифатида қабул қилиш учун барча асослар етарли.

Янгиланаётган Коституция тараққий этган давлат– ЯнгиЎзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштириши, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги,лойиҳа том маънода халқ Конституцияси бўлаётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси амалдаги Конституциясининг 21-боби Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари деб номланган бўлиб, ушбу боб7та моддадан (99-105-моддалар) иборат бўлса, Янгиланаётган Конституцияда 21-боби“Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” деб номланган бўлиб, ушбу бобдаги нормалар кенг талқин қилинган ҳолда, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 8 тамоддадан (120-127-моддалар) иборатлиги белгилаб қўйилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясида вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар деб кўрсатилган.

Янгиланаётган Конституцияда Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимияти вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари  Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас. (120-модда)

Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати-беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас деган  демократик қоидалар киритилди.

Амалдаги Конституцияда ҳокимларнинг ваколат муддати 5 йил этиб белгиланган.

Янгиланаётган Конституцияда, бу нормалар янада кенгроқ талқин қилиниб, ҳокимларнинг ваколат муддати 5 йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман шаҳарнинг ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас деган қоидалар киритилади.

Амалдаги Конституцияда фақат маҳаллий ҳокимият органлари ваколатлари белгиланган бўлса, янгиланаётган Конституцияда Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари алоҳида, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг ваколатлари алоҳида киритилган.

Янгиланаётган Конституцияга кўра Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари қўйидагилардан иборат:

  • Тегишли маҳаллий бюджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратини амалга ошириш;
  • Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимо қилиш дастурларини тасдиқлаш;
  • Ҳокимни лавозимга тасдиқлаш, унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
  • Ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Янгиланаётган Конституцияга кўра вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг ваколатлари қуйидагилардан иборат;

1)          Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларини, Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш;

2)          ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

3)          маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;

4)          Ушбу Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Янгиланаётган Конституцияда ушбу демократик қоидаларни киритилиши борасида энг аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш-давлат ҳокимияти ва бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш  таклифини илгари сурган.

Давлатимиз раҳбари 2021 йил 6 ноябрдаги инагурация маросимида сўзлаган нутқларида ҳам маскур масалага тўхталиб ўтган.

ЎзбекистонРеспубликаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ -5635-сонли Фармони билан тасдиқланган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 28-бандида ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

2019 йил 3 апрель куни Қонунчилик палатаси кенгаши ва Сенат кенгашининг қўшма қарори қабул қилиниб, вилоят, туман,шаҳар ҳокимларининг халқ депутатлари кенгаши раиси сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Янгиланаётган Конституцияга кўра тегишли норматив-ҳуқуқий базани тайёрлаш, маҳаллий вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг изчиллиги ҳамда узликсизлигини таъминлаш зарурлиги муносабати билан вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалари;

вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024 йилда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг навбатдаги сайловлари якунлари бўйича;

туман ҳамда шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан эса 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Маҳаллий даражада ҳокимиятлар бўлиниши принципи амалга оширилиб, ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиш институти босқичма-босқич, яъни вилоят Кенгашлари учун
2024 йилдан, туман Кенгашлари учун эса, 2026 йил 1 январдан эътиборан тугатилаётганлиги мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар, давлат бошқаруви тизими янгиланишининг мантиқий давоми бўлади.

Бу қоидаларни тадбиқ этилиши, ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Янгиланаётган Конституцияга алоҳида модда 127-модда киритилган бўлиб, унга кўра,фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли.

Давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунда белгиланган ваколатларни амалга оширишида кўмаклашади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови тартиби, уларнинг фаолиятини ташкил этиш ва ваколатлари қонун билан белгиланиши нормалари киритилган.

Конституцияга Маҳаллий давлат бошқаруви соҳасида киритилаётган мазкур ўзгаришлар бутун давлат ҳикимияти тизимини демократлаштиришга, ҳокимиятлар бўлиниши принципини изчиллик билан амалга оширишга ҳамда чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратишга хизмат қилади.

Сурхондарё вилоят маъмурий

судининг судьясиХ.Рахимова

Related Articles

Back to top button