Янги Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликни янада ривожлантириш истиқболлари
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими институционал базасининг кенгайтирилиши ва мустаҳкамланиши ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш йўналишида кейинги йилларда бажарилаётган ишларнинг натижаси бўлди. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши мазкур йўналишда қўйилган яна муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда жиноятчиликнинг, айниқса, одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш каби белгиланган йўналишлар ҳам бевосита омбудсманнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бу йўналишларда у самарали ва таъсирчан фаолият юритиши мумкин. Чунки у оддий халққа жуда яқин, мақбул ҳокимият ресурси ҳисобланади. Халқ дардига қулоқ солиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларни тиклаш орқали омбудсман институти фуқаролар ва давлат ҳокимияти ўртасидаги уйғунлик мустаҳкамланишини таъминлайди. Шунингдек, у парламентнинг ижро ҳокимияти, айниқса, унинг ўрта ва қуйи бўғини фаолияти устидан парламент назоратининг таъсирчан воситасидир.
Маҳаллий ва хорижий экспертларнинг фикрича, конституциявий одил судлов – демократик давлатчиликнинг муҳим белгисидир. Конституциявий одил судлов конституциявий назоратнинг олий шакли бўлиб, замонавий демократик давлатчиликнинг алоҳида талаби, зарур институти ҳисобланади. Конституциянинг устунлигини таъминлаш ҳамда қонунийлик муҳитини яратиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашнинг ишончли гаровидир.
Яъни, бу борада Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳасининг 10-бобида ҳаминсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари тўғрисида сўз юритилган бўлиб, унга кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.
Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.
Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.
Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.
Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.
Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.
Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.
Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.
Термиз туманлараро
маъмурий суди судьяси Қ.Туранов