Касбим-фахрим

БУ ЗАМИНДА ҲАР ҚАНДАЙ ЎСИМЛИК ГУРКИРАБ ҲОСИЛ БЕРАДИ

Аҳолининг  тадбиркорлик кўламини қўллаб-қувватлаш ва меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, томорқа хўжалигидан унумли фойдаланишни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар замирида оилалар фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсад мужассам. Бу борада Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилаётир. Йил бошида эълон қилинган “ Долзарб 15 кунлик” тадбири  буйруғига асосан “Цитрус оққаноти”, “Цитрус инли куяси”, “Памидор куяси” зараркунандаси , “Памидор жигарранг бужмайиш вируси” касаллигини аниқлаш ва уларга қарши кенг қамровли курашиш ишларини ташкиллаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ва туман бўлими давлат аграном инспекторлари томонидан жойларда ҳосилдорликка катта путур етказадиган зараркунанда ва касалликлар ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда. Маълумки, серқуёш ватанимиз тупроқлари унумдор ва бу заминда ҳар қандай ўсимлик гуркираб ҳосил беради. Агар касаллик ўз вақтида аниқланса, унга қарши тўғри тадбир амалга оширилсагина фойда олиш самарадорлиги ошади. Бугун  қишлоқ хўжалиги  маҳсулоти маҳсулдорлигини таъминлаш ҳар қачонгиданда муҳим масала. Зеро, бугун хушёр бўлмасак озиқ овкат такчиллиги юзага келиши хеч гап эмас. Ўзбекистонда озиқ-овқат тақчиллиги ҳозирча хавф туғдирмаяпти. Лекин аҳоли сони йилига ярим миллиондан кўпайиб бораётган экан, бу масала мамлакатимиз учун ҳам долзарб бўлиб қолаверади. Чунки киши бошининг  ортиши, экин майдонлари ҳам кенгаяди, дегани эмас.

Бу галги “Долзарб 15 кунлик” даги эхтиёт қилиниши лозим бўлган           биргина памидор маҳсулотини олиб кўрадиган бўлсак, памидор ўзининг бой таркиби туфайли юрак қон томир касалликларининг олдини олади. Ликопиннинг манбайи бўлган ушбу маҳсулот энг яхши антиоксидант ҳисобланади ва артериал қон босимининг меъёрлаштириш, атеросклерозни ривожланишига тўсқинлик қилиш ҳамда қондаги «ёмон холестеринни» камайтириш хусусиятига эга. Шунингдек, иқтисодиёт ривожланишида етакчи драйвер бўлган экспортда ҳам памидор маҳсулотининг  хажми катта. Воҳамиз тадбирлари томонидан чет элларга экспорт қилинаётган ушбу озиқ-овқат маҳсулоти анча ҳаридоргир.  Шундай экан ҳар томонлама  кони фойда бўлган маҳсулотимизни зараркунанда ва вирусга ем бўлишига йўл қўймаслигимиз ва  унга қарши кураш чораларини билишимиз шарт.

Помидор туганакларида “ Жигарранг бужмайиш вирус касаллиги” кириб келиши хавфини олдини олиш чора тадбирлари.

Зарарланган баргларнинг банди пастга қараб қийшаяди. Поя ва барглардаги зарарланган жойлар яшил, намлик билан тўйинган ноаниқ шаклдаги йирик доғлар кўринишига эга бўлади. Мазкур доғларнинг ўлчами ортиб боради, жигарранг тусга киради ва қоғозсимон бўлиб қолади. Мевалардаги зарарланган жойлар эса қаттиқ ноаниқ шаклдаги катта жигарранг-яшил доғлар кўринишида ифодаланади. Мевадаги бундай зарарланган жойнинг юзаси дағал, мойсимон кўринишда бўлади.


Вирус Тобамовирус турига мансуб, жуда тез тарқалиш хусусиятига эга. Вирус ўсимлик баргларида мозаикаларни ҳосил қилади, барглар ўз ҳолатини ўзгартиради, меваларда жигарранг, ажинли доғлар, мевалар рангсизланади, барглар деформацияланади. Иссиқхоналарида экилган помидор майдонларида мавсум давомида ўсимлик баргларида деформациялар ҳосил бўлиб, меваларида кучли жигарранг хлороз белгилари пайдо бўлди.
Помидор жигарранг вирус касаллик аломатлари помидор навига қараб енгил ва оғир бўлиши мумкин. Касалликнинг енгил кўринишида мозаикалар ҳосил бўлади, барглар ранги ўзгаради. Касалликнинг оғир кўринишида эса меваларда жигарранг ажин ва доғлар ҳосил бўлиши баробарида меваларнинг сарғайиб кетиши ҳамда барглар ҳолати ўзгариши мумкин.
Касаллик уруғлар, вирус билан ифлосланган асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалади. Чангланиш вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача аниқланмаган. ToBRFV вируси помидорга юқори даражада зарар келтириши туфайли помидор етиштирувчилар учун катта иқтисодий зарар келтиради.
Фитосанитария назорати кучайтирилиб, иссиқхоналарда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларини помидор туганакларида жигарранг бужмайиш вирус касаллиги кириб келиши хавфи бўйича барча чоралари кўрилмоқда. Иш жараёнида соҳанинг малакали мутахассислари томонидан иссиқхоналарда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларидан помидорнинг туганакларида жигарранг бужмайиш вирус касаллиги кириб келиши хавфи бўйича тафсиялар бериб борилмоқда.

Аҳоли томорқа хўжаликларида помидор етиштириш бўйича тавсиялар:

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Дўстлик, Сахий, Шафақ, Севара, ўрта-эртапишар Тошкент тонги, ўртапишар ТМК-22, Ўзбекистон–178, Сурхон–142, Баҳодир, Шарқ юлдузи, Ситора, Истиқлол–10, Авиценна, кечпишар Намуна–70, Дони 2000.

Кўчат танлаш. Помидор кўчатлари 40–45 кунлик, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Агротехник тадбирлар алмашлаб экишни қўллаш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашиш; вирус касаллигига чидамли помидор навларини экишдан иборат. Уруғни экишга тайёрлашда мажбурий тадбирлардан бири уларни вирусли ва бактериал касалликлардан холи қилишдир. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50–52 оС ва 24 соат 80 оС қиздирилади, кейин 3 минут 5 фоизли шўр сувда сараланади.

Инфекция ва касаллик қўзғатувчиларни йўқотиш учун экишдан 5–15 кун олдин уруғларни фунгидцидлар (34% Витавакснинг 2 фоизли, 60,7% Превикурнинг 1,5 фоизли эритмаси) билан дорилаб экиш тавсия этилади.

Даврон Мирзақулов, Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ички карантин бўлими бошлиғи

Related Articles

Back to top button