Ўзбекистон

Жамоат транспорти соҳасида янги тизим жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 31 январь куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича йиғилиш ўтказди.

Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган, ҳаёт сифатини кўрсатадиган муҳим ижтимоий хизмат. Юртимизда бу хизматдан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида 2023 йилда яна 2 мингта автобус олиб келиниши айтилган эди. Лекин, деди Президент йиғилишда, қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиб бўлмайди.

Барча ҳудудларда аҳоли учун янги уй-жой, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа муассасалар барпо этилаяпти. Лекин, транспорт соҳаси бу ўзгаришлардан орқада қолиб, бугунги ривожланиш талабларига мос келмаяпти.

Хусусан, айрим вилоят марказида жамоат транспортини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилмаган. Транспорт корхоналари кунлик тушум режасини бажаришга боғланиб қолгани боис автобуслар куннинг “энг даромадли” пайтида ҳаракатланишга одатланиб қолган. Қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур.

Шу боис йиғилишда соҳадаги иш тизимини ўзгартириб, хизмат сифатини яхшилаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Унга кўра, кунлик тушум режасини белгилаш амалиёти бекор қилинади. Ташувчиларга маблағлар автобуснинг юрган масофаси ва одамлар хизмат сифатидан қониқишига қараб берилади. Хизмат сифатига автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади.

Бу тизим Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Урганч шаҳарларида жорий йилда, бошқа вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида келгуси йилда йўлга қўйилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари жамоат транспорти аҳолига қулай, тадбиркорларга жозибадор бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ҳозирги автобус йўналишларини сўнгги йиллардаги аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилиши керак. Президентимиз бу борада маҳаллий сўровлар ўтказиб, аҳолининг талаб ва истакларини билиш зарурлигини таъкидлади.

Транспорт паркини изчил янгилаб бориш ҳам муҳим. Йиғилишда буни рағбатлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Жумладан, жамоат транспорти йўналишлари бўйича очиқ тендерда автобусларнинг янгилик даражаси асосий мезон этиб белгиланади. Ташувчиларга тўланадиган маблағларни шакллантиришда ҳар йили автобусларнинг 20 фоизини янгилаб бориш харажатлари кўзда тутилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.

Йўлларда жамоат транспортининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш – долзарб масала.

Тошкент шаҳрида 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиб, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилди. Бу орқали автобусларнинг ўртача тезлиги 1,5 баравар ошиб, кечикишлар бартараф этилади.

Вилоятлар ҳокимларига ўз ҳудудида пойтахтдагидек каби транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, амалга оширишни бошлаш топширилди. Бунда йўл ва чорраҳаларда жамоат транспортига устуворлик бериш, бекатларда аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Related Articles

Back to top button