Маданият

Фермерни ишига аралашмаган ким қолди?

Ўзбекистонда фермер хўжаликларининг ривожланишига асосий тўсиқ давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг фермер ишига аралашавериши билан боғлиқ.

Фермерлар учун зараркунандалар қаторига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликларни киритиш мумкин, деб ҳисоблайман. Қонунга кўра нодавлат бўлган Фермерлар кенгаши эса ҳокимликларнинг «норасмий бўлими»га айланиб қолган. Мантиқсиз мажбурий аъзолик ҳақида эса гапиришга юз йўқ.

Камига сўнги йилларда қишлоқ хўжалигининг «қ»сини ҳам тушунмайдиган ҳуқуқни мухофаза қилиш идоралари ҳам сектор, деган бахона билан фермерлар ишига аралашиши қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун ва илмнинг батамом ишламаслигига олиб келмоқда.

Масалан, Қизириқда фермерлардан ерларининг мажбуран тортиб олингани, Қуйи Чирчиқда ёш фермер тортиб олинган ерини Олий судда ютиб, қайтариб олмоқчи бўлганида ўша «зараркунанда»лар суд қарорини тан олмагани, «Нурли диёр агро» деган кластернинг янгийўллик фермерларни ерини олиб, норозилигига қарамай турли йўллар билан режадан ортиқ ғалласини ҳам мажбуран олиб қўйгани (https://t.me/deputat_kusherbayev/1990), ҳар йили оптималлаштириш, важи билан ерни олиб янгисига бериш «ўйини» мисолида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунлар деярли ишламаётганини кўриш мумкин. Бунда «мафия»лар ҳукмрон.

Хусусан, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасида «фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди» дейилган.

Лекин бирорта қонун ҳужжатида ҳоким фермерга зўрлик қилиб шартнома туздирсин, ерини кластерга олиб берсин, ғалласини кластерга ўтказсин, ерни топширишга мажбурлаб ариза ёздирсин, фермер фойдасига чиққан суд қарорларини бажармасин, дейилмаган.

Аммо амалда бу ишлар аксар ҳокимларга одатий бўлиб қолди. Улар фермерларга нисбатан ҳаддиларидан ошишмоқда.

Шу боис, келгусида ерга инвестиция киритилиши, қишлоқ хўжалиги ривожланиши, Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганидек, одамлар рози бўлишини истасак аввало қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қонун устуворлигини таъминлаш, биринчи навбатда фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳоким ва бошқаларнинг фермер ишига аралашувини бутунлай тўхтатиш ва бунинг учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгилаш, фермерларга ёрдам бермайдиган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишини оптималлаштириш ёки бутунлай тугатиш зарур бўлади.

Related Articles

Back to top button