Ўзбекистон

Байроғимиз озод Ватан, садоқат ва шон-шуҳрат рамзи

Термиз шаҳридаги осмонўпар флагштокка ўрнатилган байроқ остида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Байроғимиз—фахримиз, ғуруримиз” мавзуида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба ёшлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Чори Бегимқулов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳаррири, шоир Эшқобил Шукур миллий байроғимиз мустақил давлатчилигимиз рамзи, халқимизнинг орзу-умидлари, ғурури белгиси сифатида ҳар бир кишининг фахр- ифтихор туйғусини юксалтираётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда байроғимизда миллий-тарихий анъаналаримиз, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой маданиятимиз, поклик беғуборлик, гўзаллик, яхшилик, донишмандлик, шон-шуҳрат ва садоқат каби буюк фазилатларимиз ўз ифодасини топгани хусусида сўз юритилди.

Санъаткорлар ижросидаги Ватанни, мардликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчилар қалбига хушкайфият улашди.

Тадбир доирасида Термиз шаҳар кўчалари бўйлаб Ўзбекистон Миллий гвардиясининг ҳарбий отлиқлар отряди, вилоят ички ишлар бошқармасининг скутерлари, чегара қўшинларининг квадратцикллари, ҳарбий автомашина ва велоспортчилари иштирокида байроғимиз баланд кўтарилган байрам марши ташкил этилди. Ёшлар ўртасида югуриш бўйича марафон ўтказилди.

Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтаётган байрам тадбирлари каттаю кичик, ёшу кекса – барчани давлат рамзимизга нисбатан яна бир бор ифтихор туйғусига замин яратмоқда.

Related Articles

Back to top button