Ўзбекистон

Алламжонов матбуот 4 йил аввал Каримовнинг кўнглига хизмат қилганини айтди

Ўзбекистонда ахборотдан эркин фойдаланиш холати яқин яқингача хам ачинарли аҳволда бўлган. 2016 йилга қадар Ўзбекистон матбуоти кома ҳолатига тушиб қолган эди. Ўлиб ўлмаган, яшаб – яшаб кетмаган. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Комил Алламжонов бугун, 28 сентябрь куни бўлиб ўтаётган ахборотдан эркин умумфойдаланишга бағишланган Халқаро онлайн-конференцияда гапирди.

Алламжонов нутқида давом этаркан, ўша вақтда матбуот битта инсонга – Президент Ислом Каримовнинг кўнглига хизмат қилганини айтади.

“Телевидениеда фақат бачкана мақтовлар, газеталарда эса фақат “жаннатдан хабарлар” ёритилар эди. Бу кулгилидир ҳозир, лекин афсуски, ҳолат айнан шундай эди. Давлат аҳолига керакли маълумотни эмас, балки ўзи тўғри деб билган маълумотларни узатиш билан шуғулланган. Бутун матбуот фақат битта инсонга, у ҳам бўлса ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган. Одамлар ташвишларию, уларнинг муаммолари деярли ёритилмаган. Сканворд, кроссворд, мунажжимлар башорати ёки сариқ матбуотдан бошқа деярли барча газеталар мажбурий обуна ҳисобига кун кўрган. Журналистлар дардини фақат аноним шаклда, бирон ижтимоий тармоқда қолдиришдан бошқа иложи бўлмаган”, дейди Комил Алламжонов.

Фонд Васийлик Кенгаши раиси фикрларини давомлаб, охирги 4 йилдаги ўзгаришларни санади. 
 
“Биринчидан, ўтган тўрт йил мобайнида матбуот сезиларли даражада эркинлашди, журналистлар  мамлакатнинг реал ижтимоий-сиёсий ҳаётидан олинган воқеаларни бемалол ёритадиган бўлди. Ҳатто, ҳукуматни танқид қилувчи материалларни фаолроқ чоп эта бошлади. Вилоятлардаги журналистлар ҳам анча фаоллашдилар. Улар инсон ҳуқуқларининг бузилиши, коррупция ва мансабдор шахсларнинг бепарволиги ҳақида, яъни илгари тақиқ остида бўлган мавзулар ҳақида кўпроқ, жасорат билан ёзишни бошлади. Мамлакат ўзининг таниқли блогерларига эга бўлди. Бундан ташқари, блогерларнинг расмий доиралар тарафидан эътироф этилиши шундай поғонага кўтарилдики, айрим блогерлар ахоли манфаати учун берган таклифлари президент ва хукумат қарорларида акс эта бошлади. Улар кўтарган мавзулар ва муаммолар таьсир кучи ошганидан давлат идоралари зудлик билан унга муносабат билдира бошлади. 

Иккинчидан, ҳукуматни танқид қилгани учун илгари тақиқ остида бўлган кўплаб хорижий сайтлар блокдан олинди. 

Учинчидан, журналистларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, кейинчалик эса Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ташкил этилди.

Ошкора тарзда журналистларнинг тарафини оладиган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотлар ҳам хозирда айнан шулар.

Тўртинчидан, республиканинг барча вазирлик ва идораларининг ўлик  матбуот хизматлари қайта тирилтирилди, улар мавқеи оширилди ва фаолияти тикланди. 

Бу қандай натижа берди? Натижада жамиятнинг ўзи ҳам янада фаоллашди. Facebook ва Telegram’да долзарб масалалар очиқ ва фаол муҳокама қилинадиган мунозара платформалари вужудга келди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда ҳам фаол фуқаролик жамият шакллана бошлади, жамоатчилик назорати кучайиб, сўз эркинлиги анча ривожланди. 

Ўзбекистон қора рўйхатдан чиқди ва “Чегара билмас мухбирлар” матбуот эркинлиги индексидаги мавқеи яхшиланди: 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 13-ўринга кўтарилди”, дейди Алламжонов.

Related Articles

Back to top button