МАКТАБЛАРДА ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИ 14 СЕНТЯБРДАН БОШЛАНИШИ МУМКИН
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқда ота-оналарга қилган мурожаатида мактабларни 14 сентябрдан бошлаш таклифи берилгани ҳақида маълум қилди.
Ш.Шерматов берган маълумотга кўра, “Telegram” орқали деярли 1 миллион нафар фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70 фоиз ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30 фоизи эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган. Шунингдек, мазкур таклиф юзасидан интернет тармоғида ота-оналардан оммавий сўровномалар ўтказилиши айтилган.
Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талаблар ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминланиш чоралари кўрилиш керак бўлади.
Бир ҳафта олдин (7 сентябрь) синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган.