Касбим-фахрим

Эндиликда уларни бартараф этишга қаратилган янги тартиб-қоидалар жорий этилмоқда

Суд — қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолат ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни амалда таъминлайдиган муҳим институтдир.

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловни таъминлашни назарда тутувчи элликдан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди.

Лекин суд ҳимоясини таъминлашда ортиқча бюрократик тўсиқлар йўқ эмас. Суд қарорларини қайта кўришда бир-бирини такрорловчи босқичларнинг мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларини таъминлашда суд ҳимояси етарли даражада ташкил этилмагани ва бошқа бир қатор камчиликларнинг шулар жумласидан.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 24 июль куни қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги     №ПФ-6034-сонли Фармон ана шундай камчиликларга барҳам беришга қаратилган.

Амалдаги қонунчиликда Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби назарда тутилмаган. Бу судьяларнинг мустақиллигини чеклаб, уларни ҳимоясиз қолдириб, юқори суд инстанциясининг судьяга нисбатан босимини таъминлаб келган.

Фармонда қонунчиликка малака ҳайъатларининг қарорлари устидан судьялар ҳамжамиятининг органи бўлган Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритиш кўрсатилди. Бу эса келажакда судьяларни мустақил қарор қабул қилишларида, атайлаб қилинмаган хатолари учун жазоланиши, юқори инстанциялар томонидан судьяга нисбатан асоссиз хусусий ажрим чиқарилиши, хизмат текшируви ўтказилишининг олдини олади.

Ҳудудларда фуқаролик, жиноий ва иқтисодий судларнинг алоҳида фаолият юритиши ягона суд амалиётини шакллантиришга тўсқинлик қилмоқда. Жумладан, «Давлат божи тўғрисида»ги қонун билан ҳар иккала суд учун бож ундириш тартиби бир хил ўрнатилган бўлсада, битимлар бўйича давлат божини фуқаролик суди мулк қийматидан, иқтисодий суд эса базавий ҳисоблаш суммасидан келиб чиқиб ҳисоблаб келмоқда. Судларнинг жойлашиш ўрни тарқоқ бўлганлиги сабабли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишига сабабчи бўлмоқда.

Ваҳоланки илғор тажрибага эга бўлган давлатларда ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг биргаликда фаолият юритиши кузатилади. Масалан, бундай тажрибани Францийа, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус каби давлатларнинг суд тизимида кўриш мумкин.

Эътибор қилинг: 2019 йилда 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозини билдирган. Шунинг ўзиёқ соҳада туб ўзгаришлар амалга оширишни тақозо этади.

Ўрта бўғин судларининг бирлаштирилиши эса ишларни бир суддан бошқасига ўтказилишининг олдини олади ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ўша ҳудуднинг ўзида ечимини топади. Шу жиҳатдан фармонда 2021 йил 1 январдан вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноий ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муҳим янгилик бўлди.

Эндиликда уч йўналишдаги судлар негизида ягона суд ташкил этилиб, менежер мақомига эга бўлган вилоят суди раиси ва ҳар бир йўналиш бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилади.

Айни пайтда мамлакатимизда туман (шаҳар) маъмурий судларида 220 нафар судья фаолият юритиб келаётган бўлса туманлараро маъмурий судларнинг ташкил этилиши билан яна 70 нафар судья фаолият юритади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларидаги судьялар ва суд ходимлари сони эса 87 нафарга кўпайтирилади.

Маълумки, маъмурий судларнинг ташкил этишидан кўзланган асосий мақсад давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган.

Статистик маълумотлардан аниқланишича маъмурий судлар томонидан 2019 йилдан шу кунга қадар 2 мингдан ортиқ ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.

Бироқ, маъмурий судларнинг фаолияти тўғри ташкиллаштирилмаганлиги сабабли маъмурий судларда ишларни ҳал этишда бир қатор муаммолар кўзга ташланади. Жумладан, туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликларга дуч келмоқда.

Оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилган. Биргина 2020 йил 6 ойида республикада маъмурий судлар томонидан 183 минг маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган. Шу даврда 6,9 минг оммавий-ҳуқуқий низолар кўрилган. Яъни, кўрилган жами ишларнинг атиги 4 фоизи маъмурий судларнинг ўзига тааллуқли бўлган ишларни ташкил этган.

Фармонда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш мақсадида туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида айни дамда 319 нафар судья фаолият юритиб келаётган бўлса, 2021 йил 1 январдан уларга маъмурий ишлар олиб берилиши муносабати билан тизимга яна 351 нафар судья қўшилади.

Амалдаги қонунчиликда судга келган жиноят иши бўйича терговда йўл қўйилган хато ва камчиликларни суд тергови бошлангунга қадар аниқлаш ҳамда бартараф этишнинг самарали механизми назарда тутилмаган. Яна илғор хориж амалиётига назар солсак, бу борада АҚШ, Буюк Британия Германия, Францийа, Россия, Қозоғистон давлатларида дастлабки эшитув институти жорий этилган.

Фармонда бу соҳада ҳам дастлабки ислоҳот сифатида суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Қонунчилигимизда прокурорнинг суддаги иштироки билан боғлиқ айрим жиҳатлар бор эдики, бу ҳамон суднинг чинакам мустақиллигига соя солиб келаётган эди. Масалан, прокурор томонидан суддан ишни ўз ташаббуси билан чақириб олиши, прокурор иштироки шарт бўлмаган ишлар кўрилишида танлов асосида қатнашиши ва тарафлар ёки судга босим ўтказиши ҳолатлари йўқ эмас эди.

Фармон билан мазкур оғриқли муаммоларни бартараф этилмоқда. Эндиликда прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш, прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш жорий этилади.

Жорий этилаётган тартиб прокуратура ва суд орасидаги ҳуқуқий-процессуал муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Фармонда, шунингдек, суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилмоқда. Унга кўра, суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар, шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам бериш назарда тутилган.

Аксарият МДҲ давлатлари ва Германия, АҚШ, Францийа каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳам бу тартибдан аллақачон воз кечган.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, эндиликда Олий суд тизимида ихтисослаштирилган инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича таркиб ташкил этилади. Унга йирик инвесторларнинг инвестиция киритилган санада 20 миллион доллардан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритган жисмоний ёки юридик шахс бўлган инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш вазифаси юклатилади.

Йирик инвесторлар ўз хоҳишига кўра бевосита инвестициявий таркибга ёки умумий тартибда бошқа қуйи тизим судларига мурожаат қилишга ҳуқуқи, бошқа инвесторлар эса ўз хоҳишига кўра, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судига ёки умумий тартибда бошқа қуйи тизим судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.

Бунда инвесторларни низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида 5 – 6 ойлаб сарсон бўлишининг олдини олиш ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлаш ҳамда инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсад қилиб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, фармон билан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг янги даври бошланди. Унинг бош мақсади — инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари муҳофазасини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилишни амалда таъминлаш механизмини мустаҳкамлашдир.

 

Хакимов Музафар Абдуллаевич

Жиноят ишлари бўйича  Шўрчи туман судининг раиси

Related Articles

Back to top button