Ўзбекистон

БУХОРО ВИЛОЯТИНИНГ ЯНГИ ҲОКИМИ ТАЙИНЛАНДИ

Бугун, 29 февраль куни вилоят фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоятимизда Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланганлар, вилоят ҳокими ўринбосарлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда корхона, ташкилот, муассаса раҳбарлари, жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.

Кейинги йилларда Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламдаги ишлар, бу ишда айни кунга қадар вилоят ҳокими сифатида ишлаб келган Ўктам Барноевнинг ташаббускорлиги, талабчанлиги алоҳида ўрин тутганлиги таъкидланди.

Шундан сўнг Абдулла Арипов Президентимизнинг Ўктам Барноевни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонни ўқиб эшиттирди.

Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Президент Фармонига мувофиқ ҳозирга қадар Бухоро шаҳар ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Карим Камоловни Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси этиб тайинланганлигини маълум қилди.

Йиғилишда вилоят фаолларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шунингдек, Ўктам Барноевнинг Бухоро ва бухороликлар учун қилган хизматлари эътироф этилди.

Ҳамда ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Related Articles

Back to top button