Ўзбекистон

Янги ташкил этилган Бандихон туманида ҳоким ва бошқа сектор раҳбарлари ўз ишини бошлади

Сурхондарё вилоятида қайтадан ташкил этилган Бандихон туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, тумандан сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши, туман Кенгаши депутатлари, фаоллари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Бандихон туманини қайта ташкил этиб, ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқлар берганлиги, шунга мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилиниб, қайта тикланаётган туманнинг ҳудуди белгиланганлиги, бу масала Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари аҳолиси, халқ депутатлари туманлар ва вилоят кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилганлигини таъкидлади.

Сурхондарё вилоятида бундан 28 йил муқаддам ташкил этилган мазкур туман тугатилиб, қўшни туманларга қўшилганига 8 йил бўлди. Бироқ, шу даврда ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан анча ортда қолиб кетди. Аҳолининг турмуш шароитида туб ўзгаришлар сезилмади. Хусусан, 76 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудда 41 та умумтаьлим мактаби, учта ўрта махсус, касб-ҳунар таьлими, 1 та тиббиёт, 3 та мактабгача таьлим муассасаси мавжуд бўлиб, шу йилларда мазкур соҳаларда бирорта янги муассаса қурилмаган. Йўллар ўнқир-чўнқир бўлиб қолган. Маданият, спорт, тадбиркорлик соҳалари ривожланмади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таьминлаш аянчли аҳволга келган.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан қайта тикланаётган туманни 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Кейинги 2-3 йил ичида ҳудудда саноат, хизматлар ва сервис инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 130 га яқин лойиҳани амалга ошириш орқали 1 минг 200 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш, туман ҳудудидан ўтувчи давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларнинг 85 километр қисмини таъмирлаш, ички автомобиль йўлларининг 50 километр қисмига асфальт ва 309 километр тупроқли йўлларга шағал қоплама ётқизиш, 38,4 километр электр узатиш тармоқларини янгидан тортиш ва реконструкция қилиш, 15 дона трансформатор пунктларини ўрнатиш, 91 километр ичимлик суви тармоқлари, 11 дона сув қудуқларини қуриш ва таъмирлаш сингари кўплаб тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.

Туманнинг қайта тиклангани бу ерда ягона бошқарувни йўлга қўйиб, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишда муҳим ўрин тутади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Қизириқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Чориев Ўткир Абдузоирович Бандихон тумани ҳоким этиб тасдиқланди.

Сессияда шунингдек, туман прокурори, ички ишлар бўлими ва давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, туман ҳокими ўринбосарлари тайинланди. Кун тартибида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сессияда сўзга чиққанлар туман аҳолиси янги сектор раҳбарлари атрофида жипслашиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кўзланган марраларга эришиш йўлида астойидил меҳнат қилишини таъкидлашди.

Related Articles

Back to top button