Касбим-фахрим

Инсон дунёга келган кунидан бошлаб ҳаётидаги энг муҳим дамлар қайд қилиб бориладиган маскан.

2019 йил давомида вилоятдаги ФҲДЁ органлари томонидан, 72 минг 309 та туғилиш, 27 минг 681 никоҳ, 1889 та никоҳдан ажралганлик, 10 минг 618 та ўлим, 577 фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш, 1304 та далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ фуқаролик ҳолатлари қайд этилган. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари шундай масканки, юқорида гувоҳ бўлганингиздек, инсон дунёга келган кунидан бошлаб ҳаётидаги энг муҳим дамлар қайд қилиб борилади. Шундай экан бу жойдаги аниқлик, тезкорлик ва шаффофлик алоҳида аҳамиятга эга. Нега деганда соҳада фаолият олиб бораётган ходимларнинг арзимас эътиборсизлиги ёки лоқайдлиги бир кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда, кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимизда ФҲДЁ бўлимлари фаолиятини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, фуқароларга самарали ва сифатли хизмат кўрсатишдан иборат десак муболаға қилмаган бўламиз.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўтган икки йил давомида ФҲДЁ бўлимларида кўрсатилаётган давлат хизматларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тўловларни электрон тизим орқали (биллинг) амалга ошириш йўлга қўйилди. Айни пайтда гербли гувоҳномаларни қўлда ёзиш тартиби бекор қилиниб, гербли гувоҳномалар электрон тарзда компьютерда ёзилиб чиқариладиган бўлди. Бу эса давлат хизматлари кўрсатишда асоссиз навбат кутишларнинг олдини олиб, фуқароларнинг вақтини тежаш имконини яратди. Давлат хизматлари кўрсатишда экстерриториаллик тамойилига асосан, никоҳда туриш-турмаслиги ҳақида маълумотномалар бериш тартиби жорий этилди. Бу билан, эндиликда фуқаро хоҳлаган вилоятидан туриб ҳам давлат хизматлари марказлари орқали ушбу маълумотномаларни олиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Амалга оширилаётган бу вазифалардан кўзланган мақсад юртдошларимизнинг вақтини тежаш, сарсон бўлиб эшикма-эшик юришларини олдини олишга қаратилган.

Инобат Тошбадалова

ДХА Сурхондарё вилоят бошқармаси ФҲДЁ органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси бош маслаҳатчиси

Related Articles

Back to top button