Ўзбекистон

Ватанимиз ичра ҳар бир инсон, ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт соҳасидаги вазифаларга тўхталар экан, бизнес муҳитини янада яхшилаш энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади:
“Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида, энг яхши 50 та мамлакат қаторига кириш бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни қабул қилдик.
Ҳукумат ушбу тадбирларнинг амалий ижросини самарали ташкил этиши зарур.
Яқинда қабул қилинган янги Солиқ кодексига мувофиқ, бу йилдан бошлаб кўплаб янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда.
Жумладан, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш бўйича, енгиллаштирилган механизмлар киритилди.
Биринчи марта тадбиркорларга ички бозорда сотган маҳсулоти бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби жорий этилмоқда.
Ҳозиргача бу тартиб фақат маҳсулот экспорт қилинганда қўлланар эди. Бунинг ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида 3,4 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ қолади.
Энди тадбиркор томонидан тўланган ортиқча солиқ ўз муддатида қайтарилмаса, унга Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича бюджетдан фоиз тўланади.
Бунинг аҳамиятини мана шу залда ўтирган ва “ойнаи жаҳон” орқали менинг сўзларимни эшитаётган тадбиркорлар, ўйлайманки, ҳаммадан кўра яхши тушунади.
Солиқ кодекси нормаларини ҳар бир солиқ ходими, тадбиркорлар ва солиқ тўловчилар пухта ўзлаштириши, бунинг учун уларни мунтазам равишда ўқитиш зарур.
Солиқ хизмати ходимлари дунёқарашини тубдан ўзгартириш ва малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси қошида Фискал институтини ташкил этишни таклиф қиламан.
Бу жараёнга катта тажрибага эга нуфузли хорижий экспертларни жалб қилиш зарур.
Шу билан бирга, тадбиркорларни кўп қийнайдиган соҳа – лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тартибларини жиддий ўзгартирамиз.
Очиқ айтиш керак, мавжуд 280 га яқин лицензия ва рухсатномалар орасида, фаолият турлари ҳисобини юритиш, маблағ ундириш ёки шунчаки “назорат қилиш” учун жорий қилинганлари ҳам бор.
Бу эса тадбиркорларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман 2020 йил 1 мартга қадар лицензия ва рухсатномалар бериш асосларини тубдан қайта кўриб чиқиб, уларнинг сонини камида 2, бўлмаса, 3 баробарга қисқартириш бўйича аниқ таклиф киритсин.
Шунингдек, “Кичик ва ўрта бизнес тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.
Унда кичик ва ўрта бизнес мезонлари ҳамда бу соҳа вакилларини рағбатлантириш механизмлари назарда тутилиши керак.
Бу йил ҳар бир ҳудудда тадбиркорларга ер участкаларига оид маълумотларни очиқ ва ҳаққоний етказиш бўйича янги тизим жорий этамиз.
Унга кўра, тадбиркорнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда “онлайн” тарзда олиш имконияти яратилади.
Хабарингиз бор, бундан 2 йил олдин корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишга нисбатан эълон қилинган мораторий муддати тугади.
Лекин, бу яна эски усулда ёппасига текшир-текширларни бошлаб юбориш мумкин, дегани эмас.
Кимгадир бу ёқадими-ёқмайдими, биз бунга йўл қўймаймиз. Барча назорат идоралари раҳбарлари шуни қулоғига яхшилаб қуйиб олсин.
2020 йил биринчи чоракда илғор тажрибалар асосида, барча даражадаги назорат қилувчи идораларда янги замонавий тизим жорий этилиши шарт.
Бу орқали ҳар бир корхона ва тадбиркор бўйича алоҳида-алоҳида ишлаб, уларнинг қонуний фаолият юритишини таъминлаш, текширишни эса энг сўнгги фавқулодда чора сифатида адолатли ўтказиш лозим.
Мазкур масала юзасидан, назорат идораларининг раҳбарлари парламент олдида ҳар чоракда шахсан ҳисобот бериб боради.
Банкротлик борасидаги ҳозирги тартиб-тамойиллар корхоналарни тугатиш ва мол-мулкдан тушган маблағлар ҳисобидан, қарзларни қоплашни назарда тутади.
Шунинг учун, сўнгги 3 йилда атиги 3 та корхонада санация қўлланилган, холос.
Энди бундай қоидадан бутунлай воз кечиб, тўловга қобилиятсиз корхоналарни энг илғор хорижий тажриба асосида соғломлаштириш бўйича янги тизим жорий этамиз.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлашда Олий Мажлиснинг иккала палатаси ҳам таъсирчан парламент назоратини йўлга қўйиши зарур.
Тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсатини изчил давом эттиришимиз лозим.
Жумладан, сохта тадбиркорлик, рақобатчи обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади.
Шунингдек, божхона қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахсларни, жиноий жавобгарликдан озод қилиш керак.
Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига “жиноий уюшма” деган айблов қўйиб, уларга оғир жазо тайинлаш каби аллақачон умрини ўтаб бўлган тартибларни бекор қилиш вақти етди.
Бунинг оқибатида юзлаб тадбиркорлар қанчадан-қанча азият чекиб, моддий зарар кўраётганларини инобатга олсак, бу ўзгаришларнинг қандай катта аҳамиятга эга экани яққол аён бўлади.
Олий суд, Бош прокуратура, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги 2020 йил 1 апрелгача ана шу масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиши лозим.
Еттинчидан, иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалигини стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттириш зарур.
Тармоқдаги ҳозирги ўсиш суръатлари бизни мутлақо қониқтирмайди. Бу борада бозор механизмларини кенг жорий қилиб, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширмас эканмиз, биз кутган сезиларли ўзгариш бўлмайди.
Шу боис, пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтамиз.
Агар бу йўлдан бормасак, фермер ва деҳқонларимизга маҳсулот етиштиришда эркинлик бўлмайди, улар ўзи кутгандай манфаат кўрмайди, ҳокимларнинг эса иш услуби ўзгармайди.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини ислоҳ қилиб, аграр соҳанинг бошқа тармоқларига ҳам, арзон кредитлар ажратиш йўлга қўйилади.
Келгусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа корхоналарига кўрсатма бериш, ресурсларни тақсимлаш, режа белгилаш каби эски иш усулларидан мутлақо воз кечиши зарур.
Бунинг ўрнига, вазирлик сервис ташкилотига айланиши, хусусий агросаноат ташкилотларига ер ҳолатини аниқлаш, экин турлари ва уруғни тўғри танлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, молиявий кўмаклашиш, маҳсулот бозорини топиш бўйича хизмат кўрсатиши керак.
Аграр тармоқда фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, пахта ва ғалла етиштиришни кластер шаклига босқичма-босқич ўтказиш бўйича изланишларимизни давом эттирамиз.
Мева-сабзавот, шоличилик, чорвачилик ва ипакчилик каби бошқа тармоқларда ҳам бугунги кун талабига жавоб берадиган кластерларни ташкил этиш ишларини давом эттирамиз.
Бу йил 2 миллиард долларлик, кейинги 5-7 йилда эса бундан 3-4 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун маҳсулот етиштиришни кескин кўпайтириш чораларини кўриш зарур.
Парламентимиз, ушбу ислоҳотларимизнинг ҳуқуқий асоси бўлган “Кооперация ва кластерлар тўғрисида”ги янги қонунни тезроқ қабул қилса, ушбу катта режа ва ниятларимизга мос иш бўлур эди.
Бу йил мева-сабзавотчилик, узумчилик, уруғчилик, чорвачилик, агро-логистикани ривожлантириш, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот ишлари, соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашга 3 триллион сўм маблағ йўналтирамиз.
Чорвачилик, қоракўлчилик, балиқчилик, паррандачилик каби соҳаларда наслчиликка алоҳида эътибор қаратилиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари татбиқ этилади.
2020 йилда 44 минг гектарда ёки ўтган йилга нисбатан қарийб 4 баробар кўп майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этамиз.
Бунинг учун давлат бюджетидан 300 миллиард сўм субсидия ажратилади.
Шунингдек, сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнларини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш зарур.
Ушбу масалалар Сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида ўз аксини топиши керак. Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 1 апрелга қадар ана шу концепция лойиҳасини тасдиқлаш учун киритсин.
Саккизинчидан, туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади.
Ҳукумат олдидаги энг муҳим вазифалардан бири жорий йилда юртимизга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказишдан иборат.
Маълумки, қатор нуфузли хорижий оммавий ахборот воситалари 2020 йилда Ўзбекистонни саёҳатга албатта бориш тавсия этилган мамлакатлар қаторига киритди.
Биз бундай имкониятдан унумли фойдаланишимиз керак.
Катта салоҳиятга эга бўлган зиёрат ва тиббиёт туризмини ҳам жадал ривожлантириш зарур.
Юртимизда 8 минг 200 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, туризм маршрутларига уларнинг атиги 500 таси киритилган.
Ҳукумат уч ой муддатда зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган маршрутлардаги объектлар сонини 800 тага етказиш бўйича чора-тадбирларни белгиласин.
Яна бир вазифа – ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон моддий маданий мероси ва Номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондаги янги объектларни киритишни жадаллаштириш лозим.
Жорий йилда янги замонавий меҳмонхоналарни қуришга давлат бюджетидан 200 миллиард сўм субсидия ажратиб, туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш зарур.
Тўққизинчидан, урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш керак.
Ана шу ишлар доирасида 7 та йирик шаҳар – Андижон, Бухоро, Самарқанд, Қарши, Фарғона, Наманган, Нукусга туташ бўлган 12 та йўлдош шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шунга боғлиқ яна бир масала – асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд.
Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдир.
Шу боис, парламент ва Ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим.
Уй-жой қурилишига хусусий секторни фаол жалб қилмасдан туриб, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини тўлиқ таъминлаш мумкин эмас. Шу сабабли янги ипотека тизими жорий этилмоқда.
Бу борада вилоятлардаги шаҳарлар ва Тошкент шаҳрида 18 мингга яқин ҳамда қишлоқларда 4 мингта уй-жой хусусий сектор томонидан қурилади.
Давлат, банклар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида, уларга қарийб 4 триллион сўм маблағларни аукционлар орқали ажратади.
Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳарларда 16 минг оилага уй-жой олишга бошланғич бадал ва кредит фоизини қоплашга бюджетдан 1 триллион сўм субсидия ажратилади.
Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон, ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”.

Related Articles

Back to top button