Hodisalar

Жиноятга жазо муқаррар

Маънавияти нуқсонли бўлган киши борки, хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай  иш қилиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади. Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган жиноят тафсилоти иштирокчи ҳам бир умидвор муштипар оиланинг бошлиғи, уч нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси.

Афсуски, жиноят йўлини танлаган йигит жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган ёшда. Бироқ, у оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни афзал кўрган шахс.

Суднинг ҳукмига кўра, судланувчи Алимов Илхом Турабович (исми шарифи ўзгартирилган) 2024 йилнинг февраль ойида дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган вақтда марҳум бобоси Джалилов Ахмад Жалиловичдан қолган “Гашиш” гиёҳвандлик воситасини эгаллаб олиб, ўзида яширин равишда сақлаб юрганлиги сабабли 2024 йил 01 ноябрь куни соат 16:00 ларда шубҳа туғдирганлиги учун Денов тумани ИИБ ходимлари томонидан Денов тумани, “С. Оллоёр” маҳалласи ҳудудида ушланиб, унинг ёнлари кўздан кечирилганида, шимининг олд ўнг чўнтагида целофон пакетга ўралган ҳолда турган “Гашиш” гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиш мақсадида ёнида сақлаб юрганлиги аниқланиб, ушбу “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Вилоят ИИБ ЭКМнинг 07.11.2024 йилдаги 393-сонли хулосасига кўра, фуқаро И.Алимовдан олинган селафон бўлаги ичида бўлган №-1 пакетдаги тўқ малла рангли, ўзига хос ҳидли қўл билан ушлаб кўрилганда ёпишқоқ пластилинсимон моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда “тетрагидроканнабинол” мавжуд бўлиб, гиёхванд воситалар турига киради ва “Гашиш” гиёҳвандлик воситаси деб номланиши ва унинг соф оғирлиги 1,81 грамм эканлиги кўрсатилган.

Судда Алимов Илхом Турабович айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлик билдириб суддан қонуний енгиллик беришни сўраган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Денов туман суди томонидан кўриб чиқилиб, иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилиб, суднинг 2025 йил   3 март кунидаги ҳукмига кўра, Алимов Илхом Турабовичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 276-моддаси 2-қисмининг “б” банди билан  3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, унга ЖКнинг 60-моддаси тартибида, жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 18.11.2022 йилдаги ҳукми билан тайинланиб, ўталмай қолган 1 йил 8 ой 7 кун жазосини, мазкур ҳукм бўйича тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуи тариқасида  узил-кесил 3 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддаси 4-қисмида, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги;

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 8-моддасида, жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши кераклиги;

ЖКнинг 42-моддасида жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши;

ушбу Кодекснинг 54-моддаси 2-қисмида, суд жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабабини, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини, айбдорнинг шахсни ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиши лозимлиги қайд қилинган.

Жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида судланган И.Алимовнинг адвокати томонидан билдирилган кассация тартибидаги шикоятига асосан 2025 йил март ойининг 3 куни кўриб чиқилиб, биринчи босқич суди судланувчи И.Алимовнинг жиноий ҳаракатини тўғри квалификация қилиб, унга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, юқоридаги қонун талаблари ва  Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорининг 3-бандидаги, “Жиноят кодексининг 8,54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларига мувофиқ бўлиши керак”лиги ҳақидаги тушунтиришларига риоя этган ҳолда, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни, айбига иқрорлигини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини, ёшлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, қонуний ва адолатли тўхтамга келганлиги сабабли, жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг 2025 йил 14 январь кунидаги ҳукми ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Ҳалқимизда “Саёқ юрсанг таёқ ейсан” деган доно бир ҳикмат бор.

Мана кўза кунда эмас, кунида синадиган кун келди. Қонуннинг қўли узун, нигоҳлари ўткир. Унинг назаридан, қатъий талабидан, қолаверса, жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.

Сурхондарё вилоят суди

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси                          

Ж.Худойбердиев

Related Articles

Back to top button