Бахтли оилалар туфайли юрт тинч ва обод бўлади

Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади.
Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.
Шўрчи туманида яшовчи А.А. маст ҳолатда турмуш ўртоғи Б.Э билан ўзаро тортишиб қолиб, бир-бирларини ҳақорат қилиб, бир-бирларига тан жарохати етгазиб, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайди.
Шунингдек, А.Астанақулов турмуш ўртоғи Б.Э.ни ошхона пичоғи билан қўрқитиб қўйиш мақсадида ташланган.
Б.Э ҳам яшаш уйида турмуш ўртоғи А.А. ни ҳақорат қилиб урган.
Суд бу оила-аъзоларига тегишли жазо тайинлади, А.А.га 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси ва Б.Э. га жарима жазоси тайинлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқеига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади, балки эл-юрт, маҳалла-кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим. Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман суди раиси
Т.Тилавов




