Мустақиллик — буюк неъмат

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармасида байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда бошқарма бошлиғи Усмон Туропов сўзга чиқиб, мамлакатимиз мустақиллик йилларида барча соҳаларда эришилган улкан ютуқлар, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқ фаровонлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳақида тўхталди. Мустақиллик байрами нафақат тарихий сана, балки халқимизнинг бугунги тинч ва фаровон ҳаёти, эртанги кунга бўлган ишончи ва эзгу мақсадларини ўзида мужассам этган улуғ айём эканини таъкидлаб, барчани қутлуғ сана билан самимий муборакбод этди.
— Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган давр мобайнида мамлакат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Бу жараёнлар нафақат давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, балки жамиятда янги тафаккур ва янгича дунёқарашни шакллантиришга ҳам хизмат қилди. Шу маънода, Мустақиллик куни мамлакат тарихида муҳим саналардан бири сифатида нишонланади, — деди У. Туропов.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар юртимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган улкан ютуқлар ва янгиланишлар замирида, аввало, истиқлол неъматининг беқиёс аҳамияти мужассам эканини таъкидладилар. Зеро, мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, мамлакатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиёти учун мустаҳкам замин яратиш имконини берди. Шунингдек, тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилмани барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мустақилликнинг амалий самаралари сифатида эътироф этилди.
Байрам тадбирида ўзининг сидқидилдан қилган меҳнати, касбий фаоллиги ва соҳанинг ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси билан алоҳида намунали бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимлар муносиб тақдирланди. Фаол ходимларга Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан эсдалик совғалари ҳамда Фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. Тақдирлаш маросимида ходимларнинг меҳнати эътироф этилиб, уларга келгусидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар, мустаҳкам соғлик ва оилавий хотиржамлик тилаб қолинди.
Мустақиллик — халқимизнинг энг буюк қадрияти, тинч ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Сурхондарё вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси ва унинг туман бўлимларида байрам тантаналари давом этмоқда.
Р. Муҳаммадиева






