Жаҳон

ОДАМ САВДОСИ-ОҒИР ЖИНОЯТ

Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш шароитида хавфсизлигимизга ҳамда ижтимоий-маънавий барқарорлигимизга раҳна солувчи иллатлардан бири бўлган одам

савдоси – бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бирига айланди.

Ўзбекистан Республикаси Конституциясининг 24-моддасида, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, – деб эътироф этилган. Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш – икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.

Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, дунёнинг қатор мамлакатларида бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Орадан йиллар ўтган сари одам савдосига қарши кураш дунёнинг барча мамлакатларида амалда бўлмасин, бу муаммо бизни ҳозирги кунда ҳам қаттиқ ташвишга солмоқда.

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

“Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция (1949), “Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида”ги қўшимча Конвенция (1956), “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида”ги Конвенцияни тўлдирувчи “Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида”ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида “Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида”ги келишув,
2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида “Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури” қабул қилинган эди.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Бу жиноятларнинг асосий сабаби маънавий қашшоқлик, очкўзлик, дунёга ҳаддан ташқари ҳирс қўйиш ва нафсига қул бўлишдир. Бугунги кунда инсонлар қул қилиб сотаётган баъзи кимсалар инсонларни ҳур қилиб яратган Аллоҳ таоло билан Худоликни талашмоқда. Ислом дини кўрсатмаларида ҳам инсоннинг жонзотлар ичида энг мукаррами экани таъкидланиб, қулликка қарши қатъий чоралар белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.

Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда аҳоли миграцияси, шу жумладан, мамлакат ташқарисида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадидаги миграция жаҳон кўламидаги воқелик бўлиб, ўзининг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Бу салбий ҳодиса глобал жараён сифатида бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Афсуски, фуқароларимиз ҳам одам савдоси қурбонларига айланмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосига жалб этилган ва ундан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Одам савдосига қарши курашга қаратилган халқаро қонунчиликда ҳам, Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигида ҳам одам савдоси жабрдийдалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ҳимоясини таъминлаш белгилаб қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

Ҳар бир киши одам савдоси қурбони бўлиши мумкин. Барчамиз  биргаликда одам савдосига қарши биргаликда курашсак бу иллатни таг-томири билан қуритамиз.

Жиноят  ишлари бўйича

Шўрчи туман суди тергов судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Back to top button