Hodisalar

Ақидапарастлик ғояларига алданиб қолиши оқибати

Шўрчи туманида яшовчи Н.Р. мавсумий ишлаб даромад орттириш учун 2018 йил февраль ойидан 2020 йил сентябрь ойига қадар Туркия ва Россия Федерацияси ҳудудида ёлланма ишчи сифатида ишлаб келиши давомида ислом динига ақидапарастларча эътиқод қилишни бошлаб, “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш мақсадида дастлаб, доимий яшаш жойидан ўзининг номига хорижга чиқиш биометрик паспорти ёрдамида 2020 йил 23 октябрь куни “Тошкент-Истанбул” авиайўналиши бўйича Туркия давлати ҳудудига чиқиб, сўнгра 2020 йил 7 ноябрь куни айланма йўллар орқали Сурия Араб Республикаси Идлиб провинцияси ҳудудига ўтиб, у ерда фаолият олиб бораётган, Ўзбекистон Респуликаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрь кунги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ва террорчилик ташкилоти деб эътироф этилган “Джабхат ан-Нусра” халқаро террористик ташкилоти  таркибидаги “Ғуроба Катибаси” бўлинмаси жангарилари сафига қўшилиш эришган.

Сўнгра, судланувчи Н.Р. мазкур ташкилот манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, келгусида “жиҳодий” ҳаракатларда қатнашиш мақсадида,  2021 йил февраль ойида ташкилотга тегишли бўлган Идлиб провинцияси Харим тумани Қалб Лозе қишлоғида жойлашган ҳарбий лагерда ўқ-отар қуроллар ва портловчи воситалар билан муомала қилиш усулларини ўргатувчи махсус жанговор тайёргарлик (“муаскар”)дан ўтиб, ўзига “Абдулхамид” лақабини олиб, ташкилот ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда 2021 йил март ойидан қуролли чегара қўриқлов (“рибот”) тадбирларида иштирок этган. 

Н.Р. доимий яшаш манзилига қайтиш мақсадида, 2025 йил 21 ноябрь кунидан 22 ноябрь кунига ўтар кечаси Сурия Араб Республикасидан пиёда ҳаракатланиб, “САР-Туркия” давлат чегарасининг назорат ўтказиш масканларини четлаб Туркия ҳудудига ўтган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олинган ҳамда 2025 йил 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикасига депортация қилинган.

Фуқароларимизга бундай бузғунчи оқимларнинг келиб чиқиши тарихи, уларнинг ғоявий мақсадлари ҳақида яхши билишлари ва уларнинг ғаразли ғояларига алданиб қолмасликлари ҳақида тарғибот ишлари олиб борилишига қарамасдан ҳалигача бузғунчи оқимлар тарғиботларига алданиб жиноят йўлига кириб қолмоқдалар.

Шу кунларда мустақил мамлакатимиз фуқаролари ижтимоий тараққиёт, муҳим ўзгаришлар, оламшумул тарихий воқеалар оғушида ҳаёт кечирмоқдалар. Ҳозирга замон талаби ҳар бир фуқарони, жумладан, дин аҳлини ҳам ижтимоий ҳаётда фаол бўлиб, турли воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлиб туришларини тақазо этмоқда, улар жамиятимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисотларга теран кўз билан назар ташлаб, динимиз ва Ватанимизнинг дахлсизлигига раҳна соладиган қора кучларга қарши муросасиз кураш олиб бормоқликлари, айниқса, турли бузғунчи оқимлар, ақидапарастлик, экстремизм каби қабиҳ ниятли кишиларнинг пуч ғоялари, ғаразли мақсадларини фош этмоқликлари лозим.

Жиноят жазосиз қолмайди. Судланувчи Н.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан тегишли жазосини олди, ўйлаймизки, у суд томонидан тайинланган жазодан тўғри хулоса чиқариб тузалиш йўлига киришига ишонамиз.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси

Т.Тиловов

Related Articles

Back to top button