Хабеас Корпус институти миллий қонунчилигимизда

Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш бўйича муҳим институтлардан бири “Хабеас корпус акт” халқаро даражада умумэътироф этилган ҳужжат сифатида шахс эркинлигини таъминлаш йўлида ўзига хос янги даврга асос солган.
“Хабеас корпус (лот. hаbeаs соrрus) – “танани судга келтириш”, яъни ушланган ёки ҳибсга олинган шахсни адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи ҳисобланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкциябериш, лавозимдан четлаштириш ва шахсни тиббий муа ссасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларнинг асослилигига фақат суд томонидан баҳо бериш амалиётининг жорий қилиниши, ўз навбатида, суднинг мустақиллиги, холислиги ва беғаразлигини таъминлашни, жиноят процессида тортишув принципини кучайтиришни назарда тутади. “Хабеас корпус” институти қўлланишини янада кенгайтириш доирасида почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлар прокуратурадан судларга ўтказилди”
Хабеас корпус бу — инглиз жиноят-процессуал ҳуқуқи институти бўлиб, шахс дахлсизлиги тамойили билан чамбарчас боғлиқ саналади ва бошқа мамлакатлар ҳуқуқий тизимларига ҳам киритилган. Шунга кўра Ўзбекистон Конституциясининг 27-моддасида ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас деган инсонпарвар қоидалар мустаҳкамланган.
Мазкур норманинг аҳамияти шундаки, жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туришга, шахснинг асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этишга, шу орқали инсоннинг озодлигини чеклаш билан боғлиқ бўлган хатоларга йўл қўйилмаслигига ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
А.М.Саъдуллоев




