Аттанг…

Инсон ҳаётини сақлаб қолишдек улуғ ва масъулиятли касб эгалари борки, улар учун вақтнинг, об-ҳавонинг ёки дам олиш кунининг аҳамияти йўқ. Улар ҳар бир чақирувни инсон тақдири деб билади. Оқ халат кийган, ўз касбига садоқатли шифокорлар ва тиббиёт ходимлари туннинг қоронғусида ҳам, ёмғирли ёки совуқ кунларда ҳам бемор дардини енгиллатиш учун йўлга чиқадилар. Чунки уларнинг энг олий бурчи – инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашдир.
Кеч соат 00:15. «103» тез тиббий ёрдам хизматига навбатдаги чақирув келиб тушди. Ҳар доимгидек ўз хизмат бурчига содиқ Замира Қудратовна ҳамшира Наргиза билан биргаликда чақирув манзилига шошилди.
Манзилга етиб боришгач, бир ярим ёшли Зубайданинг аҳволи оғир экани маълум бўлди. Боланинг бир ҳафтадан буён юқори ҳарорат билан оғриётгани, иситмаси қайта-қайта кўтарилиб тушаётгани уни анча ҳолдан тойдирган эди. Замира Қудратовна болани кўрикдан ўтказар экан, тана ҳарорати 39 даража эканини, организмда сувсизланиш бошланаётганини аниқлади. Бу эса зудлик билан муолажа қилиш ва болани шошилинч равишда тез тиббий ёрдам бўлимига етказишни талаб қиларди.
Бироқ кутилмаган ҳолат юз берди. Зубайданинг отаси Наим Рахматов шифокорнинг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилди. У тиббиёт ходимини ҳақорат қилиб, болани шифохонага олиб кетишга қаршилик кўрсатди. Бу вақтда Замира Қудратовна вазиятнинг оғирлашиб кетмаслиги учун зарур шошилинч тиббий ёрдамни кўрсатиб, боланинг иситмасини туширишга муваффақ бўлди. Бироқ унинг танаси сувсизланаётгани шифокорни ҳамон хавотирга соларди. Шу сабабли у Наим Рахматовга яна бир бор болани эртаси куни албатта шифокор кўригига олиб бориш зарурлигини қатъий тавсия қилди.
Кейинчалик Наим Рахматовнинг тиббиёт ходимини ҳақорат қилгани ва унинг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилгани юзасидан суриштирув ишлари олиб борилди.
Суд мажлисида Наим Рахматов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, Замира Қудратовнадан кечирим сўради. Бироқ шифокор ўзининг эмас, қонуннинг устуворлигини танлади ва масалани суд ихтиёрига ҳавола қилди.
Суд жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, ҳуқуқбузарнинг айбига иқрорлиги билан бир қаторда, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳам инобатга олди. Шунингдек, уни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва келгусида янги ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш мақсадида Наим Рахматовга маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Тиббиёт ходимининг вазифаси — инсон ҳаётини сақлаб қолиш. Унинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш эса нафақат қонунбузарлик, балки инсон ҳаётини хавф остига қўйиш ҳамдир.
Ҳа, қонун барча учун баробар. Ҳар бир фуқаро қонунларни ҳурмат қилиши ва уларга сўзсиз риоя этиши шарт. Акс ҳолда, бир лаҳзалик ҳиссиёт ёки ўйламай қилинган ҳаракат инсонни Наим Рахматов каби «аттанг» деб қолдирадиган оқибатларга олиб келиши мумкин.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг тергов судьяси
Ш.Қодиров




