Кўпчилик сана ёзганда хатоларга йўл қўяди
Кўпчилик сана ёзганда қуйидаги хатоларга йўл қўяди:
1. Сана сўзини нотўғри қўллаш
Аксар одамлар сана деганда фақатгина куннинг ўзини тушунар экан. Менимча, сана бу – йилнинг қайси куни эканлиги. Йил, кун, ой биргаликда санани ташкил этади.
2. Санани хато ёзиш
Аксар ўзбеклар санани кун, ой, йил тартибида ёзиб қўяди – 29 январь 2024 йил тарзида. Бу усул ўзбек тилининг услубига хос эмас. Ўзбек тилида сана айтилганда аввал йил, кейин кун, кейин ой айтилади. Шунинг учун 2024 йил 29 январь, дея ёзиш тўғри бўлади.
3. Санани хато қисқартириш
Кўпчилик санани кун, ой, йил тарзида қисқартирар экан – 29.01.2024. Бу Британия инглиз тилиси ёхуд рус тили услуби ҳисобланади. Уларнинг оғзаки нутқида ҳам аввал кун, кейин ой, кейин йил айтилади. Қисқартиришлари ҳам шунга ҳамоҳанг. 01.29.2024. дея қисқартирадиганлар эса Америка инглиз тилиси қоидасига амал қилишларини билишмаса керак.
Ўзбек тилида аввал йил, кейин кун, кейин ой айтилар экан, қисқартириш ҳам шунга мос бўлиши керак – 2024.29.01. Бундай қисқартириш усули амалда эканини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан 2020 йилда чоп этилган “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмасидан билиб олса бўлади. Исталган ҳужжат остига қўйилган сана йил, кун, ой тартибида.