Bu qiziq

Ходимнинг иш ҳақи суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундириб берилди!

Адлия бўлими, М.Д.Ш нинг манфаатини кўзлаб судга даъво ариза тақдим этиб, Ахборот-К.Мдан қонун талаблари асосида табиий иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимларга тўланиши лозим бўлган устама пулларини ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, меҳнат шартномаси ва Ахборот-кутубхона маркази директорининг буйруғига асосан М.Д.Ш ушбу кундан Узун туман Ахборот-К.Мда “Ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш хизмати раҳбари” вазифасига ишга қабул қилинган ва ушбу лавозимда ишлаган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 246-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдори иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги келишувга кўра, бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва шартлари, ходимнинг касбий-малакавий ва ишчанлик сифатлари, унинг меҳнати ҳамда ташкилотнинг хўжалик фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда ушбу иш берувчида амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларига мувофиқ белгиланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимлари, шу жумладан тариф ставкалари, маошлар, компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан нормал шароитлардан четга чиқувчи шароитлардаги иш учун шундай қўшимча тўловлар ҳамда устамалар миқдорлари, рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари ҳамда мукофотлаш тизимлари жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномасида белгиланади.

Меҳнат кодексининг 252-моддасига асосан, устама ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган иш бажарилганлиги учун амалга ошириладиган ва рағбатлантирувчи (касбий маҳорат, узоқ муддат хизмат қилганлик, муайян ташкилотдаги ёки тармоқдаги иш стажи учун устамалар ва бошқалар) ёхуд компенсация хусусиятига эга (ишнинг кўчма ёхуд сайёр хусусияти, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш ёхуд зарарли ёки оғир меҳнат шароитларидаги иш, меҳнатнинг жадаллиги учун устамалар ва бошқалар) пул тўловидир.

Иш ҳужжатларига кўра, даъвогар М.Д.Шга 2021-2023 йиллар учун жами 44.651.008 сўм устама ҳисобланган, аммо жавобгар томонидан тўлаб берилмаган.

Суд шу юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Адлия бўлими МДШ нинг манфаатини кўзлаб киритган даъво аризаси қаноатлантирилган ва иш бўйича жавобгар Ахборот-кутубхона маркази ҳисобидан М.Д.Ш нинг фойдасига 44.651.008 сўм устама ва почта харажати учун тўланган 33.000 сўм, жами 44.684.008 сўм ундирилган.

Амалиётда айрим иш берувчилар томонидан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси шартлари ва меҳнат қонунчилигида кўрсатилган талабларга амал қилмаслик ҳолатлари учрайди.

Хулоса қилиб айтганда иш берувчи ходим билан меҳнат муносабатларига киришар экан, улар меҳнат муносабатларини тартибда солувчи қонун ҳужжатларига талабларига риоя этишлари керак.

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг судьяси            Қ.Х.Туранов

Related Articles

Back to top button