Ажрашган оиланинг фарзандлари ким билан яшайди?
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 73-моддасида ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шартлиги, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган.
Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга бўлиб, ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шартлиги ҳам кўрсатилган.
Халқимиз азалдан оилани муқаддас санаб келиб, оила- ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак авлодлар учун бетакрор тарбия қўрғони эканлигини доим тарғиб этиб келган.
Ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Шундай экан ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади. Лекин ҳаёт доим бир хилда силлиқ ўтмаслиги ҳаммага аён бўлиб, бугунги кунда арзимаган нарсалар ёки бирор бир сабаб билан оилавий ажримлар бўлиб, уларнинг ўрталаридаги фарзанд тарбияси муаммоли ҳолат бўлиб келмоқда.
Натижада ҳозирги кунда икки оила, яъни эр ва хотин оилавий ажримдан сўнг бир-бирига нафрат ва ғазаб кўзи билан қарашлиги, икки авлод вакиллари қайнона ва қайнота, қайни ва қайноғалар, қайин опа ва қайин сингиллар жигарларини ва набираларини кўриш илинжида юрса-да, лекин иккинчи томоннинг ушбу талабларига ўзаро рад этишлиги, бир-бири билан юзлашиш, гаплашиш чоғида бирор бир ҳуқуқбузарлик содир бўлиши, бир-бирини ҳақорат қилиши, маҳаллада эса ортиқча нотинчликларнинг вужудга келишлигини кузатиб турибмиз.
Даъвогар М.М судга даъво ариза тақдим этиб, жавобгар Б.С билан қонуний никоҳдан ўтганлигини, ўрталарида 2006 йилда туғилган Д.У ва 2009 йилда туғилган Э.У исмли фарзандлари борлиги, тарафлар бугунги кунда бирга яшамаётганлиги, ўрталарида мулкий низоси йўқлигини, тарафлар ажралишга ўзаро рози эканлигини билдириб, даъво аризасини қаноатлантиришни сўраган.
Аниқланишича, даъвогар М.М ва жавобгар Б.С,2009 йил 10 апрель куни қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган, ушбу ҳақида ФҲДЁ бўлими томонидан далолатнома ёзуви қайд этилган тарафлар оилавий келишмовчиликлар сабабли 2011 йил май ойидан буён бирга яшашмайди.
Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан берилган хулосасига кўра, тарафларни яраштириш чоралари кўрилган, аммо улар яшашни хоҳламаганлигини, тарафлар узоқ муддат алоҳида ҳолатда яшаб келаётганлиги, тарафлар бошқа-бошқа оила қуришиб, ушбу оилалари билан яшаб келаётганлиги сабабли мазкур оилани сақлаб қолишнинг имкони бўлмаганлиги ҳақида хулоса тақдим этилган.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июль кунидаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли қарори 16-бандига кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги талаб фақат эр-хотин бундан буён бирга ҳаёт кечиришларининг ва оила батамом бузилганлиги сабабли уни сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги аниқланган ҳоллардагина қаноатлантириши лозим.
Шунга кўра, суд қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, иш ҳолатларини ҳар томонлама муҳокама қилиб, тарафлар ўртасида эр-хотинлик муносабатлари тугаганлигини, муқаддам тарафларни яраштириш учун муддат берилган бўлса-да ярашиб бирга яшамаганликларини, тарафлар ўзаро келишиб бирга яшай олмаслигини, маҳалла ва туман ҳокимлиги томонидан ушбу оилани яраштириш ва оиласини сақлаб қолиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижа бермаганлигини, тарафлар бошқа-бошқа оила қуриб яшаб келаётганлигини, даъвогарнинг ушбу оиласидан икки нафар фарзандлари борлигини инобатга олиб, уларнинг оиласини сақлаб қолишнинг имконияти йўқ деган хулосага келди ва даъво талабини қаноатлантириб, тарафларни никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Шунингдек, суд тарафларнинг вояга етмаган фарзандлари масаласини муҳокама қилиб, тарафларнинг икки нафар вояга етмаган 2006 йилда туғилган Д.У ва 2009 йилда туғилган Э.У исмли фарзандлари уларнинг ёшини инобатга олиниб, ҳозирги кунда фарзандлар отаси билан яшаб келаётганлигини ва отасига боғланиб қолганлигини инобатга олиб, уларни отаси Б.Снинг қарамоғи ва тарбиясида эканлиги эътироф этилди.
Фуқаролик ишлари бўйича
Сариосиё туманлараро суди раиси М.Э.Номозов