Кичик ишлар каттасидан дарак беради!
Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ «Тариху Бағдод»да, ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ «Тариху Димашқ»да, Миззий «Ал-камол»да келтиришади:
«Бир куни Ҳорун ар-Рашиднинг ҳузурида ўтирган эдим. Унга кишилар Офият исмли қозидан шикоят қилиб келишди. Халифа қози Офиятни чақирди. Мажлисда жуда кўп одам бор эди. Ҳорун ар-Рашид унга гапирди. Кишиларнинг шикояти ҳақида эслади. Мажлис чўзилиб кетди. Шу орада Ҳорун ар-Рашид бирдан аксириб юборди. Атрофдагиларнинг барчаси «ярҳамукаллоҳ» дейишди. Аммо қози Офият индамади. Ҳорун ар-Рашид сўради:
Қози деди:
— Чунки сен «алҳамдулиллаҳ» демадинг, эй мўъминлар амири. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида икки киши аксирди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бирига ташмит айтдилар. Иккинчисига айтмадилар. Шунда улардан бири айтди:
— Эй Аллоҳнинг Расули! Нега унга ташмит айтдингиз-у менга индамадингиз?
Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
— У аксириб Аллоҳга ҳамд айтди. Сен бўлсанг айтмадинг. Шунинг учун сенга ташмит айтмадим!
Буни эшитган халифа қози Офиятга деди:
— Бориб ишингни давом эттиравер. Аксириб «алҳамдулиллаҳ» демаган кишини авф қилмаган инсон бошқа катта ишларда албатта адолатсизлик қилмайди!».
Инсонларни танишингиз учун уларнинг қалби тубида яшашингиз шарт эмас. Улар турли вазиятларда ўзликларини ошкор қилишади.
Кишиларнинг ўзидан пастдаги инсонларга қиладиган муомаласидан кўксидаги қадриятларини, олган тарбиясини англаса бўлади. Бизнинг ҳақиқий ахлоқимиз оддий қоровулга, кўчаларда озгина нарсани сотиб ўтирган кишига, кўча тозаловчига, уйдаги хизматкорга қилган муомаламиздан билинади.
Вазирларга, ҳокимларга, раисларга, мудирларга ҳамма ўзини одобли тутаверади.
Ҳақиқий ахлоқ ғазаб ҳолатида билинади. Хурсандчиликда ҳамма сиёсатчи бўлади. Шунинг учун араблар айтишади: «Дўст тутмоқчи бўлган одамингни ғазабини келтир. Агар сенга зарар бермаса дўст тутавер!».
Эр-хотинларнинг ахлоқи ётоқхонада эмас, ҳаёт йўлларида билинади. Ўзаро ихтилоф чиққанида, маош етмай қолганида билинади. Вазият ҳақ ва бурчларга эмас, чиройли муомалага эҳтиёж сезганида билинади!
Биз гоҳида келишмовчиликлар олдида қарздор бўламиз. Чунки бу ихтилофлар бизни бошқаларга, бошқаларни эса бизга фош қилади, танитади!
Сизнинг ҳақиқий хулқингиз масжидда билинмайди. Масжидда ҳамма ўзини тақводор ва сипо кўрсатади. Ҳақиқий хулқингиз масжиддан чиққанингизда, дўконингизда, кўчада, машина ҳайдаганингизда, савдо қилганингизда, қарз олди-бердингизда, бемор кўрганингизда, устахонангизда, мансабда турганингизда ва қисқаси муомалотда билинади!
Сизнинг маданиятга эришганингизни профилингизда китоб билан қаҳва суратини қўйганингиздан эмас, истироҳат боғини қандай ҳолатда тарк қилганингиздан, сувдан бўшаган елим идишларни қаерга ташлаганингиздан, ғижимланган қоғозни машинадан улоқтирган ёки улоқтирмаганингиздан билинади!
Кичкина ишлар аслида катта ишлардан дарак беради, тушунинг!
Абдулқодир Полвонов