Коррупциия қарши кураш, муросасиз муносабатда бўлиш ислоҳотларимизнинг бош мақсади

Коррупция — жамият ҳаётига, иқтисодиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган хавфли иллат саналади. Агар унинг олди олинмаса, мамлакатда ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди.
Бугунги кунда унинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилаётгани ҳам бу масаланинг жуда долзарб эканлигини яққол кўрсатади. Чунки у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, одамларда эртанги кунга нисбатан ишончни йўқотади, жамият ривожланишига тўсқинлик қилади.
Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг илк йиллариданоқ ислоҳотларни айни шу оғриқли нуқтадан бошлади. Мамлакатимиз етакчисининг дастлабки имзолаган ҳужжати ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва Агентлик ташкил қилингани, давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилгани бугун ўзини тўлиқ оқламоқда.
Президентимизнинг коррупцияга қарши курашдаги кучли сиёсий иродаси, тизимлилик, изчиллик ва очиқлик тамойилларига мувофиқ амалга ошираётган стратегияси бу борадаги муваффақиятларнинг асосий омили бўлди. Коррупцияга нисбатан муросасизлик давлатимиз сиёсати даражасига олиб чиқилгани боис халқимиз ушбу иллатга қарши кураш вақтинчалик эмас, балки узлуксиз, изчил ва мақсадли саъй-ҳаракатлар эканини англаб етмоқда.
Бунда жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси ўзига хос масъулиятни зиммасига олиши, коррупция ва ҳарқандай ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши лозимлигини янада чуқур ҳис этмоғи лозим бўлади.
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ерга бўлган муносабат тубдан ўзгарди ва давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга давлат томонидан кўмаклашиш тизими яратилиб, қўшимча ер майдонлари фойдаланишга киритилди. Аҳолига ер участкаларини ажратишда барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиб жорий этилди ва ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари кафолатланди. Ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечилиб, аукцион тизимига ўтилгани оддий одамларда давлатга бўлган ишончни янада оширди.
2024 йил 9 октябрь куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мамлакатда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Бу кўплаб юртдошларимиз ҳаётини ёриштирди, қанча-қанча хонадонларга қувонч, шодлик ва бахт олиб кирди. Энг муҳими, мазкур соҳада учраётган коррупциявий ҳаракатларга бутунлай барҳам берди.
Яқин-яқингача фуқароларимиз кредит олиш учун кўплаб тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтарди. Бугун бу муаммолар бутунлай ҳал бўлган. Барча банклар 100 миллион сўмгача маиший кредитларни инсон омилисиз 5 дақиқа ичида онлайн бермоқда. Энг муҳими, ҳозир банкирларнинг ўзи маҳаллага тушиб, одамларга лойиҳа, кредит таклиф қилиб, мижозини кўпайтириш устида ишлаяпти.
Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилгани, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилингани натижасида 200 мингга яқин янги тадбиркорлар бозорга кириб келди. Чет эл иштирокидаги корхоналар қарийб 5 карра ошиб, 23 мингга яқинлашди.
Ўзбекистонда қулай бизнес муҳити яратилгани, инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратишда бюрократия ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича кўрилаётган аниқ чоралар туфайли аҳоли, тадбиркорлар, хорижий ҳамкорларимиз, халқаро ташкилотлар ва инвесторларнинг ислоҳотларга ишончи мустаҳкамланди. Буни сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани яққол тасдиқлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 5 март куни танқидий-таҳлилий руҳда ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга холис баҳо берилиб, келгуси вазифалар аниқ белгилаб олинди.
Жамиятда энг кўп ва қизғин муҳокама қилинадиган коррупцияга қарши курашиш масаласи илк маротаба бу форматда давлат раҳбари иштирокида кўриб чиқилиши ҳам кучли сиёсий иродани намоён қилади. Бу Президентимизнинг коррупцияга қарши курашишда ташаббускор ва ислоҳотчи, давлатчиликни мустаҳкамлаш борасида узоқни кўриб билувчи давлат арбоби эканлигини яна бир бор кўрсатди.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилиши ва давлат раҳбарининг тарихий нутқи коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштиради.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар том маънода, жамиятимизга ва жаҳон ҳамжамиятига коррупцияга қарши курашда муросасиз бўлиши ҳақида жиддий сигнал бўлди, дейиш мумкин. Эътиборлиси, бу орқали халқаро рейтингларда ҳам Ўзбекистон позициялари янада яхшиланади.
Коррупцияга қарши кураш борасида илгари сурилган муҳим вазифалар мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш, миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқимизнинг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятидан рози бўлиб яшашига, одамларнинг фаровон турмуш кечиришига, пировардида юртимизда инсон қадри улуғланишига хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
Д.Жўраев




